Самарқандда ғалла ўрим-йиғимида юқори натижа: режа олдиндан бажарилди
Самарқанд вилояти Нуробод туманида 2026 йилги ғалла ўрим-йиғим мавсуми юқори савияда, уюшқоқлик ва катта масъулият билан давом этмоқда. Туман далаларида деҳқонларнинг фидокорона меҳнати, ерга бўлган меҳр ва заҳматнинг самараси яққол кўзга ташланмоқда. Фермер хўжаликлари Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси билан тузилган ғалла топшириш шартномасини муддатидан олдин бажаришга эришмоқда.
Айнан шу жараёнда туманда биринчи бўлиб юқори натижага эришган фермер хўжаликлари орасида Саид Сафаров раҳбарлигидаги “Ишонч” фермер хўжалиги алоҳида эътирофга лойиқдир.
Мазкур фермер хўжалиги жорий мавсумда 31 гектар ғалла майдонидан жами 91,3 тонна дон топшириш мажбуриятини олган бўлса, амалда 93,2 тонна сифатли дон етказиб бериб, шартномада белгиланган режани 102 фоизга бажаришга муваффақ бўлди.
Бу муваффақият, аввало, деҳқоннинг машаққатли меҳнати, ерга бўлган садоқати ҳамда самарали ташкил этилган агротехник тадбирларнинг амалий натижасидир. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги тизимидаги масъул ташкилотлар ҳамда Агроинспекция вакилларининг яқиндан кўрсатган кўмаги ҳам муҳим омиллардан бири бўлди.
Нурободлик фермерларнинг фидокорона меҳнати юрт равнақи ва халқимизнинг дастурхони тўкинлигини таъминлаш йўлидаги хизматлари юксак эътирофга сазовор. Зеро, меҳнат қилган инсон азиз, ҳосил яратган деҳқон эса халқнинг бебаҳо бойлигидир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА