“Халқ билан бирга” умуммиллий лойиҳаси бошланди
ЎзЛиДеП томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикасида Тўрткўл туманидан бошланди.
Лойиҳанинг “Юракка йўл” акцияси доирасида туманнинг Нурли йўл, Уллубоғ маҳаллалари ҳудудидаги 40 га яқин хонадон қамраб олинди. Партия фаоллари, ЎзЛиДеПдан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, тадбиркорлар ҳамда тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан аҳоли хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг яшаш шароити ўрганилди, муаммолари тингланди.

Ташрифлар давомида хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва ёшлар ўзларини қийнаётган ижтимоий муаммолар, ишсизлик ва турмуш шароитига оид масалалар юзасидан мурожаатлар асосида манзилли ёрдам кўрсатиш чоралари белгиланмоқда. Шунингдек, “Кексаларга меҳр” акцияси доирасида кекса авлод вакилларидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотлари етказилди. Ёш волонтёрлар томонидан уй ишларига амалий ёрдам кўрсатилди.
Лойиҳада амалий кўмак мисоллари ҳам ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Назира Мамбетшарипова томонидан Уллубоғ маҳалласида истиқомат қилувчи Машарипов хонадонига ташриф буюрилди. Ушбу хонадонда яшовчи Гўзал Аллабергенова ўзининг кўп йиллардан буён ишсиз эканлиги, тикувчилик маҳоратига эга бўлса-да, зарур жиҳозлар етишмаслиги сабабли фаолият бошлай олмаётганини маълум қилди.

Мазкур мурожаат инобатга олиниб, “Фаровон ҳаёт сари” акцияси доирасида унга янги тикув машинаси тақдим этилди. Бу эса оиланинг даромад манбаини яратишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Уллубоғ маҳалласида депутатлар ва ёшлар иштирокида “Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди. Унда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим имкониятлари, рақамли маданият ва киберхавфсизлик масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш жоиз, “Юракка йўл” акцияси доирасида республика бўйлаб миллиондан ортиқ хонадонга ташриф буюриш, аҳолининг эҳтиёжларини ўрганиш ва манзилли ёрдам кўрсатиш режалаштирилган. Шунингдек, “Кексаларга меҳр” акцияси орқали ёлғиз кексаларни қўллаб-қувватлаш, “Фаровон ҳаёт сари” ташаббуси доирасида эса аҳолини даромадли фаолиятга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Халқ билан бирга” умуммиллий лойиҳаси аҳоли билан яқин мулоқот қилиш, уларнинг муаммоларига жойида ечим топиш ҳамда жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва ижтимоий масъулият муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.