Халқ билан бирга: фаровон ҳаёт сари аниқ қадам
ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Аёллар қаноти ташаббуси билан Нукус шаҳридаги “Телемарказ” ва “Алланияз Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинларида партиянинг “Халқ билан бирга” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Фаровон ҳаёт сари” акцияси ташкил этилди.
Акциянинг асосий мақсади аҳоли хонадонларига кириб бориш, хотин-қизларнинг мавжуд имконият ва салоҳиятини аниқлаш, уларнинг қизиқишларига мос равишда касб-ҳунар ва тадбиркорликка йўналтириш, даромад манбаини яратиш учун амалий кўмак беришдан иборат.

Акция давомида маҳалладаги хонадонлар кесимида ўрганишлар олиб борилиб, 52 нафар ишсиз хотин-қиз аниқланди. Уларнинг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлашилиб, қизиқиши, мавжуд имкониятлари ва келгусида қайси йўналишда фаолият юритиш истаги ўрганилди. Шу асосда уларни касаначилик, оилавий тадбиркорлик, томорқачилик ва бошқа даромадли йўналишларга жалб этиш, зарур касбга ўқитиш ҳамда иш бошлаши учун амалий ёрдам кўрсатиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, маҳаллада фаровонликни таъминлаш учун имкониятлар кам эмас. Айрим хонадонлар мавжуд ер ва меҳнат ресурсларидан унумли фойдаланиб, ўз хонадонини кичик оилавий даромад манбаига айлантирган.
Шундай хонадонлардан бири Бағдагул Элалова хонадони. У оиласи билан биргаликда хонадондаги 6 сотих ердан самарали фойдаланиб, томорқачилик, боғдорчилик ва паррандачилик билан шуғулланмоқда. Яқинда чорвачилик йўналишини ҳам йўлга қўйган. Оила мазкур фаолият турларидан йиллик 25-30 миллион сўм атрофида даромад олмоқда.

Бу хонадондаги тажриба акциянинг муҳим жиҳатини – тайёр имкониятни бошқаларга ҳам ўргатиш ва кўпайтириш ғоясини намоён этади. Шу боис Бағдагул хонадонига маҳалланинг 10 нафар хотин-қизини бириктириш, уларга томорқачилик ва бошқа даромадли йўналишлар бўйича амалий кўникма бериш, тажрибаси билан ўртоқлашиш вазифаси белгиланди.
Маҳалладаги яна бир эътиборли ташаббус Шолпан опа Ахмедова хонадонида кўзга ташланади. У хонадон ёнидаги 16 сотих ерда боғ ва сунъий кўл ташкил этиб, “Олтин балиқ” дам олиш масканини йўлга қўйган. Натижада ердан фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштириш учун эмас, балки аҳолига хизмат кўрсатиш ва қўшимча даромад олиш манбаи сифатида ҳам фойдаланилмоқда. Бу эса оилавий тадбиркорликнинг бир нечта йўналишини уйғунлаштириш орқали янги имконият яратиш мумкинлигини кўрсатади.

Акция доирасида аниқланган ишсиз хотин-қизларни даромадли меҳнатга жалб этиш бўйича ҳам амалий натижалар белгиланди. Хусусан, 2 нафар хотин-қизга паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредит ажратиш бўйича келишувга эришилди.
Эътиборли жиҳати, акция доирасидаги ишлар бир марталик тадбир билан чекланмайди. Маҳаллада аниқланган 52 нафар ишсиз хотин-қизнинг ҳар бири бўйича уларни ўқитиш, касбга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашига кўмаклашиш ва кейинги натижасини кузатиб боришга қаратилган ишлар давом эттирилади.
Бугун хотин-қизнинг бандлиги бир инсоннинг иш билан таъминланиши эмас. Бу оиланинг даромади, фарзандлар таълими, хонадон фаровонлиги ва маҳалланинг иқтисодий фаоллигига таъсир кўрсатадиган муҳим омил.
Шу маънода, “Фаровон ҳаёт сари” акцияси орқали партия маҳалладаги мавжуд имкониятларни ишсиз хотин-қизларнинг интилишлари билан боғлашга ҳаракат қилмоқда. Кимгадир касб ўрганиш, кимгадир томорқадан унумли фойдаланиш, яна кимгадир тадбиркорликни бошлаш учун молиявий кўмак керак. Муҳими, ҳар бир эҳтиёжга бир хил ёндашув эмас, балки аниқ инсон — аниқ имконият — аниқ ечим тамойили асосида иш ташкил этилмоқда.
Чунки фаровон маҳалла, аввало, ўз меҳнати билан даромад топаётган, ташаббуси қўллаб-қувватланаётган ва эртанги кунига ишончи мустаҳкам оилалардан бошланади. ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий лойиҳаси ҳам ана шу мақсадга — инсонни муаммоси билан ёлғиз қолдирмаслик, унинг ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва имкониятини натижага айлантиришга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири