Форишда спорт мажмуаси қад ростламоқда
Фориш тумани марказида ёшлар учун яна бир замонавий спорт маскани барпо этилмоқда. Бу ерда спорт билан шуғулланиш учун муносиб шароит яратиш билан бирга, жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт йўналишида тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган янги мажмуа қад ростлайди.
Жиззах вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нозимжон Усмонов хизмат сафари билан Фориш туманида бўлиб, спорт мактабида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини ўрганди. Ўрганиш давомида Фориш тумани замонавий ёшлар универсал спорт мажмуасининг қурилиши билан яқиндан танишди.

– Барпо этиладиган ушбу мажмуа Фориш туман спорт йўналишида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида туман марказида ёшлар универсал спорт мажмуасини ташкил этиш учун барпо этилмоқда, – дейди Фориш туман ёшлар универсал спорт мажмуаси раҳбари Эркин Саттаров. – Объектнинг буюртмачиси Жиззах вилояти ҳокимлиги ягона буюртмачи хизмат инжиниринг компанияси унитар корхонаси, қурилиш ишлари эса “Форишстрой” масъулияти чекланган жамияти ишчи-муҳандислари томонидан амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг умумий қиймати 8 миллиард 380 миллион 356 минг сўмдан ортиқроқни ташкил этади. Объектда қурилиш ишлари жорий йилнинг июль ойида бошланган бўлиб, мажмуа 2026 йилнинг декабрь ойи ниҳоясига, янги йил арафасида якунланиши белгиланган. Мажмуа, аввало, ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва спорт йўналишида тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Бугун спорт инфратузилмасини кенгайтириш масаласи мамлакатдаги спорт сиёсатида ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 мартдаги “Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳани молиявий жиҳатдан мустаҳкамлаш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш ва спортга хусусий инвестицияларни жалб қилишни кенгайтиришга қаратилган.

Форишдаги янги мажмуа ҳам ана шу жараённинг ҳудуддаги амалий кўринишларидан бири сифатида аҳамиятли. Айниқса, объектнинг туман марказида барпо этилаётгани унинг ёшлар учун оммабоп спорт масканига айланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Қурилишнинг белгиланган муддатда ва сифат талабларига мувофиқ якунланиши шу боис муҳим. Нозимжон Усмоновнинг ўрганиши чоғида қурилиш жараёнларини сифатли ташкил этиш ва белгиланган муддатларга риоя қилиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири