Гулистонда ғалла экиш мавсумига старт берилди
Гулистон туманида 2027 йил ҳосили учун 8 минг гектар майдонга ғалла экиш режалаштирилган. Мавсумнинг дастлабки уруғлари “Дўстлик” СИЮ ҳудудидаги “Сардорбек класс ҳамкор” фермер хўжалиги даласига замонавий махсус техникалар ёрдамида қадалди.Шу муносабат билан далада ғалла экиш мавсумига бағишланган кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда туман ҳокими Олимжон Жўраев, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, соҳа мутахассислари, фермерлар ва нуронийлар иштирок этди
Таъкидланганидек, ғалла етиштиришда юқори ҳосилдорликка эришиш нафақат мавсум якунидаги натижа, балки уруғликни танлаш, ерни экишга сифатли тайёрлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланишдан бошланади.

— Ғалла — шунчаки далада етиштириладиган экин эмас, у халқимиз дастурхони тўкинлиги, юртимиз озиқ-овқат хавфсизлиги ва деҳқон меҳнатининг баракасидир. Шу боис ерга қадалган ҳар бир донга катта масъулият билан қараш керак. Чунки бугун тупроққа қадалган бир дона уруғ — эртанги ризқ-рўз, даромад ва фаровонликнинг пойдеворидир.
Ўтган мавсумда туманда 308 та фермер хўжалигига қарашли 7 минг гектардан ортиқ майдонга ғалла экилди. Меҳнат ва изланишлар самараси ўлароқ, қабул пунктларига 20 минг тоннадан зиёд сифатли дон топширилиб, ўртача ҳосилдорлик гектарига 40 центнерни ташкил этди. Айрим илғор фермер хўжаликларида эса бу кўрсаткич 95–100 центнергача етди.
Бу натижалар бизга катта мақсадлар учун ишонч беради. Лекин кечаги натижа билан бугун тўхтаб қолиб бўлмайди. Энди вазифамиз — 2027 йил ҳосили учун ажратилган 8 минг гектарнинг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланиб, ўтган йилги кўрсаткичлардан ҳам юқори натижага эришиш.
Бунинг учун ишни айнан бугундан, уруғни ерга сифатли қадалашдан бошлашимиз зарур. Куз-қиш мавсумида ҳар бир ниҳолнинг яхши ривожланиши, бақувват бўлиб шаклланиши келгуси ҳосил тақдирини белгилайди. Демак, бугунги масъулиятли меҳнат — эртанги мўл ҳосилнинг кафолатидир. Юқори ҳосил эса фермер хўжаликлари даромади, янги имкониятлар ва оилалар фаровонлигининг янада ошиши демакдир, — деди туман ҳокими Олимжон Жўраев.

2026 йилги мавсумда “Боғишамол агро сервис”, “Жасур Сардор файзи”, “Машраб ота”, “Ғайрат”, “Умид Юлдуз баракаси”, “Ватан”, “Озодбек Нурбек ҳамкор”, “Мега Макс ҳамкор” ва “Фурқат ҳамкор” фермер хўжаликларида ҳам юқори натижалар қайд этилди.

Семинарда 2027 йил ҳосили учун белгиланган 8 минг гектар майдонда экиш ишларини агротехник талаблар асосида сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш муҳим вазифа экани қайд этилди. Бу жараёнда юқори унувчанликка эга уруғликлардан фойдаланиш, ерни сифатли тайёрлаш, замонавий агротехнологияларни қўллаш, минерал ўғитлардан меъёр асосида фойдаланиш ва экинларни парваришлаш ишларини тизимли ташкил этиш юзасидан тавсиялар тақдим этилди.

Шунингдек, мавжуд ер майдонларидан янада самарали фойдаланиш масаласига эътибор қаратилди. Жумладан, дала четларидан унумли фойдаланиш, полиз экинларини жойлаштириш, қўшимча даромад манбаларини яратиш ва фермер хўжаликлари иқтисодий самарадорлигини ошириш бўйича амалий йўл-йўриқлар кўрсатилди.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғалладан юқори ҳосил олишнинг асосий шарти — ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли бажариш. Шу боис туманда янги мавсумни самарали бошлаш, ҳар бир гектардан унумли фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш мақсадида зарур чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири