Гўзаллик қалбларни бир жойга жамлади
Юртимизда барча жабҳаларда бўлгани каби тасвирий ва амалий санъатни ривожлантириш, мазкур йўналишда фаолият олиб бораётган ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 30 декабрдаги “Андижон вилояти Бобур шаҳрида рассомлар фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шубҳасиз, ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаради.
Кўп йилларда буён рассом сифатида иш олиб бораман, кўплаб танловларда иштирок этдим. Юртимизнинг қатор ҳудудларида, хорижий давлатларда шахсий кўргазмаларимни намойиш этганман. Очиғи, бундай нуфузли фестивалнинг ўтказилиши, соҳа ривожига қаратилган эътибордан беҳад қувонаман.

Бешта йўналиш – “Гран-при”, “Энг яхши рангтасвирчи рассом”, “Энг яхши ҳайкалтарош”, “Энг яхши фоторассом”, “Энг яхши график рассом” номинациялари бўйича ўтказиладиган мазкур фестиваль юртимиз тасвирий ва амалий санъат усталари учун том маънода илҳом манбаига айланади, кўпдан-кўп ёш истеъдодларни кашф этади.
Фестиваль мўйқалам аҳли, айниқса, ёш мусаввирларга ўз истеъдод, маҳорат ва салоҳиятларини юзага чиқариш учун кенг имкониятлар эшигини очади. Қолаверса, юртдошларимизга мусаввир ва амалий санъат усталари ижоди билан яқиндан танишиш, гўзал мусаввирлик асарларидан баҳраманд бўлиш имконини берди. Шу билан бирга, қалбларимизда тасвирий санъатга ҳурмат, гўзалликка ошуфталик туйғуларини мустаҳкамлайди.
Мурод Умар, мусаввир,
“Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони соҳиби.
ЎзА.