Глобал саноат стандартлари сари янги қадам: Ўзбекистон Халқаро пайвандлаш институтига қўшилди
Ўзбекистон расман Халқаро пайвандлаш институти (International Institute of Welding - IIW)га аъзо бўлди, бу эса миллий пайвандлаш саноатини ривожлантириш, саноат ишлаб чиқариш сифатини ошириш ва мамлакатни халқаро техник стандартлар ҳамда касбий малака тизимига интеграция қилиш учун янги имкониятлар очади.
Бир қарашда, ихтисослашган халқаро ташкилотга аъзолик тор профессионал масала бўлиб туюлиши мумкин. Аслида бу Ўзбекистон учун нимаси билан аҳамиятли?
– Пайвандлаш технологиялари замонавий саноатнинг деярли барча тармоқларида — машинасозлик ва энергетикадан тортиб, қурилиш, нефть-газ саноати, темир йўл транспорти ва мураккаб ускуналар ишлаб чиқаришгача бўлган соҳаларнинг муҳим қисми ҳисобланади, дейди Олмалиқ давлат техника институти ректори Ўткир Холиқулов. – Шу сабабли, пайвандлаш ишлари сифатини ошириш саноат маҳсулотлари ва инфратузилманинг ишончлилиги ҳамда хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ.

IIW аъзолигининг асосий афзаллиги халқаро профессионал ва технологик экотизимга кириш имкониятидир. Ташкилот бутун дунёдан мутахассислар, тадқиқотчилар, саноат ва таълим муассасалари вакилларини бирлаштиради ҳамда билим алмашиш, пайвандлаш ва материалларни бирлаштиришнинг илғор технологияларини ривожлантириш, халқаро стандартлаштириш, шунингдек, таълим, тайёргарлик, малака ва сертификатлаштириш тизимларини такомиллаштиришга ҳисса қўшади.
Ўзбекистон учун бу кадрлар тайёрлаш ва касбий компетенцияларни шакллантиришга халқаро ёндашувларни янада фаолроқ жорий этиш имкониятини англатади.
Бу, айниқса, саноат экспорти учун муҳим аҳамиятга эга. Маҳсулотларнинг пайвандланган бирикмалар сифати, ишлаб чиқариш жараёнлари ва ходимлар малакасига қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқлиги қанчалик юқори бўлса, корхоналарнинг халқаро ишлаб чиқариш занжирларига қўшилиши ҳамда йирик инфратузилма ва саноат лойиҳаларида иштирок этиши шунчалик осонлашади. Шу нуқтаи назардан, IIWга аъзолик Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотлари ва ваколатларига ишончни ошириш воситаларидан бирига айланиши мумкин.
Яна бир муҳим йўналиш – мутахассисларни тайёрлаш ва сертификатлаш миллий тизимини ривожлантириш. IIW ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш ва сертификатлаш бўйича халқаро уйғунлаштирилган ёндашувларни, шунингдек, тегишли дастурларни амалга ошириш учун миллий ташкилотларни авторизация қилиш механизмларини назарда тутади. Шу билан бирга, IIW аъзоси мақомини олиш мамлакатда халқаро малака ва сертификатлаштириш миллий инфратузилмасини янада ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Ушбу ташкилотда миллий вакил сифатида Олмалиқ давлат техника институти расман тасдиқланди.
Технологик ҳамкорлик ҳам муҳим аҳамиятга эга. IIW ишчи тузилмаларида иштирок этиш миллий мутахассисларга халқаро экспертлар ҳамжамияти билан мулоқот қилиш, мунозараларда иштирок этиш, илғор тажрибаларни алмашиш ва материалларни пайвандлаш ва бириктириш соҳасидаги замонавий билимлардан фойдаланиш имконини беради. Бу, айниқса, автоматлаштирилган, роботлаштирилган ва рақамли саноат ривожланаётган шароитда долзарбдир.
Шу боис, Ўзбекистоннинг Халқаро пайвандлаш институтига аъзо бўлишини шунчаки навбатдаги халқаро тузилма билан ҳамкорлик деб баҳоламаслик керак. Бу қадам миллий саноатни технологик модернизация қилиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш, жаҳон сифат стандартларини жорий этиш ҳамда мамлакатнинг экспорт салоҳиятини тубдан мустаҳкамлашга хизмат қилувчи стратегик воситадир.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА