Ахборот ҳамкорларимиз нигоҳида – Янги Ўзбекистон
Мазкур рукнда ЎзАнинг хорижий ахборот ҳамкорлари саҳифаларида эълон қилинаётган Янги Ўзбекистонга оид хабарлар, кузатув ва баҳолар бериб борилмоқда. Бу жараён нафақат чет эл медиа вакиллари нуқтаи назарини, балки ўлкамиз ҳақидаги ҳаққоний ташқи қарашларни ҳам умумлаштиради. Шу тариқа мамлакатимизнинг тараққиёт йўли, очиқ сиёсати ва ислоҳотлари халқаро ахборот маконида қандай таҳлил қилинаётгани ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
“АЗЕРТАЖ”: Ўзбекистон ва Озарбайжон олимлари илмий ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Озарбайжон давлат ахборот агентлиги – АЗЕРТАЖ Ўзбекистон Фанлар академияси делегациясининг Ганжа шаҳрига ташрифи ҳақида мақола эълон қилди.
Нашрда меҳмонлар Низомий Ганжавий мақбараси, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва маданияти маркази ҳамда бошқа маданий масканлар билан танишгани қайд этилган.
Мақолада учрашув давомида қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро конференция ташкил этиш ва олимлар алмашинувини кенгайтириш масалалари муҳокама қилингани таъкидланган. Муаллифнинг фикрича, мазкур ташриф икки мамлакат ўртасидаги илмий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
“Italpress”: Ўзбекистон ва Италия аграр соҳада илмий шерикликни мустаҳкамламоқда

Италиянинг “Italpress” ахборот агентлиги Ўзбекистон ва Италия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини ёритди.
Материалда Италия Қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари кенгаши ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик озиқ-овқат хавфсизлиги, сув ресурсларини бошқариш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш ва аграр соҳада инновацион технологияларни жорий этишга қаратилгани таъкидланган.
Шунингдек, Тошкентда ўтказилган Илмий ва бизнес форуми доирасида юртимизнинг 12 та илмий муассасаси билан англашув меморандуми имзолангани, мазкур ҳамкорлик мамлакатнинг “Қишлоқ хўжалиги – 2030” стратегиясида белгиланган мақсадларга хизмат қилиши қайд этилган.
“Синьхуа”: Ўзбекистонда яшил энергетика жадал ривожланмоқда

Хитойнинг “Синьхуа” агентлиги ўлкамизда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши изчил ошиб бораётганига эътибор қаратди.
Нашр маълумотига кўра, жорий йилнинг дастлабки етти ойида мамлакатда 7 миллиард киловатт-соат яшил энергия ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоиз кўпдир.
Материалда сўнгги тўрт йилда жами 23,4 миллиард киловатт-соат яшил энергия ишлаб чиқарилгани, бу эса 6,24 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва атмосферага қарийб 13,5 миллион тонна зарарли газ чиқарилишининг олдини олиш имконини бергани қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон 2030 йилга қадар электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалар улушини 50 фоиздан оширишни мақсад қилгани таъкидланган.
“Тренд”: Ўзбекистон ва Қирғизистон иқтисодий интеграциянинг янги босқичига ўтмоқда

Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётганини таҳлил қилди.
Нашрда Бишкекда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Қирғизистон бизнес-форуми нафақат ўзаро савдони кенгайтириш, балки қўшма инвестициялар, саноат кооперацияси ва минтақавий ишлаб чиқариш занжирини шакллантиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланган.
Шунингдек, Ўзбекистон – Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолияти, тўқимачилик кластери ҳамда саноат-логистика марказларини ташкил этиш режалари иқтисодий интеграциянинг муҳим йўналиши сифатида қайд этилган.
Муаллифнинг ёзишича, Марказий Осиёда савдодан инвестиция ва қўшма ишлаб чиқаришга ўтиш тенденцияси тобора кучаймоқда ва Янги Ўзбекистон бу жараённинг асосий иштирокчиларидан бирига айланмоқда.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА