Гиёҳвандлик воситаси билан ҳаракатланган шахс қўлга олинди
ДХХ Чегара қўшинлари тезкор бўлинмаси, вилоят ИИББ ва Тошкент вилояти божхона бошқармаси масъуллари ҳамкорлигида тезкор тадбир амалга оширилди.
Хусусан, Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳарчасида яшовчи, 1999 йилда туғилган фуқаро Ф.Б.нинг бошқарувида бўлган “Onix” русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилди. Транспортнинг салон қисмида қора рангли пакетга солинган, тахминан оғирлиги 500 граммдан ортиқ бўлган гиёҳванд моддасига ўхшаш модда борлиги аниқланди ва холислар иштирокида расмийлаштирилди.

Шундан сўнг ўтказилган суд экспертиза хулосасига кўра, бу модда “гашиш” гиёҳвандлик воситаси экани маълум бўлди. Мазкур ҳолат бўйича Ф.Б га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
Таъкидлаш лозимки, гиёҳвандлик моддалари билан қонунга хилоф муомала қилиш 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

А. Мусаев, ЎзА.