Германияда инфляция сўнгги икки йилдаги энг юқори даражага чиқди
Германияда апрель ойида инфляция даражаси сўнгги икки йил ичидаги энг юқори кўрсаткични қайд этди. DW мамлакат Федерал статистика идорасига таяниб, истеъмол нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 фоиз ошганини ёзди.
Мутахассислар бундай ўсишни нефть кескин қимматлашиши билан изоҳламоқда. Яқин Шарқдаги вазият ва Эрон атрофидаги таранглик жаҳон энергетика бозорига таъсир кўрсатиб, ГФРда ҳам ёнилғи нархи ошишига олиб келган.
Хусусан, апрель ойида энергия ташуви ўртача 10,1 фоиз қимматлаган. Энг кўп ўсиш автомобиль ёнилғисида кузатилиб, бензин ва дизель нархи 26,2 фоиз кўтарилган. Шунингдек, электр энергияси, табиий газ ва марказлашган иссиқлик таъминоти хизмати нархида маълум даражада пасайиш кузатилган. Статистика идорасига уй хўжалиги учун энергия харажати ўтган йилга нисбатан кескин ошмаганига эътибор қаратган.
Озиқ-овқат эса ўртача 1,2 фоиз қимматлашган: тухум 14,6 фоиз, шакар ва ширинлик маҳсулотлари 6,6 фоиз. Шунингдек, гўшт, мева ва балиқ маҳсулотлари нархи ҳам ошган.
Бинобарин, ҳисоботда айрим маҳсулотлар арзонлашгани ҳам қайд этилган. Масалан, сариёғ нархи 25,4 фоиз, зайтун мойи эса 8,9 фоиз тушган.
Д.Ҳакимов, ЎзА