“APP”: Ўзбекистонда бозор ислоҳоти ва рақамлаштириш фермерлар имкониятини кенгайтирмоқда
Покистон ахборот агентлиги (APP) юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли аграр ислоҳотлар мамлакат қишлоқ хўжалигини замонавий, бозор тамойилларига асосланган тизимга айлантираётгани ҳақида таҳлилий материал эълон қилди.
Таъкидланишича, “Янги Ўзбекистон” стратегияси доирасида олиб борилаётган ўзгаришлар фермерлар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, иқтисодий эркинликни кенгайтириш ва соҳада рақамли технологияни жорий этишга қаратилган.
“APP” қайд этишича, жорий ҳосил йилидан бошлаб экин жойлаштириш жараёни ҳам тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Унга кўра, фермер, кластер ва бошқа хўжалик субъектлари экин турини “Agroportal” рақамли платформаси орқали мустақил белгилайди. Бу бозор талабидан келиб чиқиб қарор қабул қилиш имконини оширади.
Нашрда пахта ва ғалла секторида давлат буюртмаси тизими босқичма-босқич қисқартирилаётгани ҳам қайд этилган. Фермерлар энди харидорни мустақил танлаш, биржа орқали шартнома тузиш ва тушумни ўзлари бошқариш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, мақолада суғориш ва ресурс тежовчи технологиялар аграр модернизациянинг муҳим қисми сифатида кўрсатилган.
Маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2,8 миллион гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонида сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлиб, бу мамлакат суғориладиган ерларининг 66 фоизини ташкил этади. Айниқса, лазерли текислаш технологияси ҳосилдорликни 15–20 фоизга оширишга ёрдам бермоқда.
Нашр шунингдек, деҳқонлар сунъий интеллект асосидаги “Fermer AI” маслаҳат платформаси орқали мутахассисдан маслаҳат олиш ва ўз таклифларини бевосита давлат органига етказиш имконига эга бўлаётганини алоҳида тилга олган.
“APP” хулосасига кўра, Ўзбекистонда амалга оширилаётган аграр ислоҳотлар янги авлод фермерларини шакллантирмоқда. Улар эндиликда нафақат маҳсулот етиштирувчи, балки замонавий технология, бозор билими ва мустаҳкам ҳуқуқий кафолатга эга тадбиркор сифатида майдонга чиқмоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА