Ғазога навбатдаги ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлди
Тиббиёт ходимлари маълум қилишича, кеча Исроил томонидан Ғазо секторига уюштирилган навбатдаги ҳужум оқибатида яна уч нафар фаластинлик ҳаётдан кўз юмди, 11 киши турли даражада жароҳатланди. Ушбу ҳодиса амалдаги сулҳ битими бузилиши сифатида баҳоланмоқда.
Хабар берилишича, шимолий Жабалия шаҳрида Исроил дрони мотоциклга зарба бериши оқибатида бир киши ҳаётдан кўз юмиб, уч киши яраланган. Шунингдек, Дайр Ал-Балоҳ марказий ҳудудида тинч аҳоли тўпланган жойга қилинган ҳужум ва Хон Юнус шимолидаги Ал-Қарора кўприги яқинидаги зарба натижасида яна икки фаластинлик ҳалок бўлган, бир одам яраланган. Бу ҳақда “Anadolu” хабар бермоқда.
Бундан ташқари Хон Юнус жануби-ғарбидаги Ал-Мавоси ҳудудида жойлашган қочқинлар қўналғасидаги чодирларга қарата ўт очилиши оқибатида уч инсон, шунингдек алоҳида ўқ узилишидан бир фуқаро яраланди. Ғазо шаҳри қирғоғида эса Исроил ҳарбий қайиқлари томонидан ўт очилиши туфайли уч нафар балиқчи жароҳатланди.
Ғазо соғлиқни сақлаш идораси маълумотига кўра, 2025 йил 10 октябрда кучга кирган сулҳ битимига қарамай, Исроил армияси томонидан кундалик равишда давом эттирилаётган ҳужум оқибатида шу кунгача камида 1 203 нафар фаластинлик ҳалок бўлиб, 3 900 киши яраланган. Умуман, 2023 йил октябрь ойидан бери давом этаётган шиддатли ҳарбий ҳаракат сабаб 73 000 га яқин инсон ҳаётдан кўз юмган, 174 000 дан зиёд киши жароҳат олган. БМТ ҳисоб-китобига кўра, бутунлай вайрон бўлган секторни қайта тиклаш учун қарийб 70 миллиард доллар талаб этилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА