Узоқ йўлнинг муваффақиятли манзили (+видео)
Баъзан катта муваффақиятлар оддий бир қадамдан – меҳнат қилиш, имкониятни қўлдан бой бермаслик ва қийинчиликлар олдида чекинмасликдан бошланади. Америка Қўшма Штатларининг Пенсильвания штатидаги Филадельфия шаҳрида истиқомат қилаётган Ботир Иброҳимовнинг ҳаёт йўли бунинг ёрқин мисолидир.
У АҚШда яшаб келаётганига йигирма тўрт йил бўлди. Бу давр мобайнида у оддий ишчи сифатида бошлаган фаолиятини изчил ривожлантириб, бугун йирик тадбиркор даражасига кўтарилди. Б.Иброҳимовнинг эришган натижалари замирида эса йиллар давомидаги меҳнат, сабр-тоқат ва қатъият мужассам.
Қаҳрамонимиз учун Америкадаги ҳаёт осон кечмаган, албатта. Янги муҳитга мослашиш, турли қийинчиликларни енгиб ўтиш, ўз имкониятларини намоён этиш ундан катта сабр-тоқат, қатъият ва тинимсиз меҳнатни талаб қилди. Бироқ у ҳар қандай синовни матонат билан енгиб, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил интилди ва бугунги кунда АҚШда ўз бизнесини йўлга қўйган муваффақиятли тадбиркорлардан бирига айланди.
Бугун у раҳбарлик қилаётган юк ташиш компанияси тасарруфида юздан ортиқ юк машинаси мавжуд. Албатта, хорижда ўз ўрнини топиш, меҳнат қилиб, барқарор фаолият йўлга қўйиш ҳар кимдан ҳам матонат талаб этади. Айниқса, дастлабки имкониятлар чекланган шароитда ўз кучига таяниб иш бошлаш ва уни йирик бизнес даражасига олиб чиқиш синмас ирода ҳамда изчил ҳаракатни талаб қилади.
Ботир Иброҳимовнинг ҳаёт йўли ҳам ана шундай меҳнат ва интилиш билан шаклланган. Унинг мисолида инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, мақсад сари астойдил ҳаракат қилса, ўз меҳнати билан муносиб ўрин эгаллаши мумкинлигини кўриш мумкин.
Баҳодир Шаропов, ЎзА
Филадельфия, АҚШ