Гандболчи ёшлар “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги”да рақобатлашади
Бугун, 8 август куни пойтахтимиз Тошкент ҳамда Андижон шаҳрида гандбол бўйича ўғил болалар ва қизлар ўртасида “Беш ташаббус олимпиадаси" доирасидаги “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги” Республика босқичи мусобақалари бошланди.
Ёшларни оммавий спорт машғулотлари билан қамраб олиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, маҳоратли спортчиларни аниқлаш ва саралашда “Беш ташаббус олимпиадаси” ўйинлари муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида ташкил этилган ушбу тизим доирасидаги мусобақалар, турли саломатлик тадбирлари натижасида минг-минглаб эртамиз эгалари катта спорт майдонларига шаҳду шижоат билан кириб келди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” қисқа фурсатда юртимизда аҳолининг барча қатламларини қамраб оладиган катта оммавий спорт ҳаракатига айланди.
Мазкур мусобақалар туфайли юртимизнинг кўплаб маҳаллаларида бир-биридан кўркам спорт мажмуалари, майдончалар бунёд этилиб, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойиллари кенг ёйилишига шарт-шароит яратилди.
Биргина ўтган йили ташкил этилган “Беш ташаббус олимпиадаси” оммавий спорт мусобақалари туфайли 15 миллион аҳоли вакиллари спорт мусобақалари билан қамраб олинди.
Т.Рўзиев,
ЎзА