“Ғамхўрлик” маркази иш тажрибаси оммалаштирилади
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташаббуси билан Наманган вилоятининг Поп туманидаги эркаклар учун “Ғамхўрлик” марказида республика амалий семинари ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 апрелдаги “Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилган тадбир ногиронлиги бўлган шахслар учун “Ғамхўрлик” марказида амалга оширилган ишлар, эришилган амалий натижалар ва истиқболдаги режаларга бағишланди.
Агентлик ва унинг вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий ташкилотлари масъул ходимлари, юртимизнинг барча ҳудудларидан келган “Ғамхўрлик” марказлари раҳбарлари иштирокидаги анжуманда Поп туманидаги “Ғамхўрлик” маркази директори Сардор Ғиёсов муассасада имконияти чекланган кишиларга шарт-шароитлар, меҳнат терапияси асосида йўлга қўйилган лойиҳалар, касбий кўникмаларни ривожлантириш ва ижтимоийлашув борасида эришилган натижалар ҳақида батафсил гапириб берди.
320 ўринга мўлжалланган марказда бугунги кунда 25 дан ортиқ касбий ва тадбиркорлик лойиҳалари фаолият юритиб, 200 нафардан зиёд яшовчи уларга жалб этилган. Паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик, балиқчилик, гидропоника, нонвойлик ва бошқа йўналишларда ташкил этилган меҳнат терапияси лойиҳалари яшовчиларнинг мустақил ҳаёт кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Ижтимоийлашув йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилган. Меҳр масканиида ташкил этилган “мураббий кузатувидаги хоналар” ва кичик ҳажмли уйлар орқали 54 нафар киши мустақил ҳаётга тайёрланмоқда. Шунингдек, ижтимоий ходимлар ташаббуси билан йўлга қўйилган видеомулоқотлар натижасида 98 нафар шу ерда турувчининг қариндошлари билан алоқалари тикланиб, 64 нафари қисқа муддатли таътил асосида оила бағрига қайтарилган.
Семинарда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, марказнинг илғор тажрибаларини ҳудудларда оммалаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг мустақил ҳаёт кўникмаларини ривожлантириш ва жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган таклиф-ташаббуслар муҳокама қилинди.
Мазкур семинар ўзаро тажриба алмашиш, эришилган ютуқларни таҳлил қилиш ҳамда истиқболдаги устувор вазифаларни белгилашда муҳим мулоқот майдонига айланди.
[gallery-29941]
Тадбир якунида, меҳмонлар Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилаётган 65-халқаро гуллар фестивалида бўлиб, бетакрор гўзаллик ва байрамона муҳитдан завққа тўлишди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА