ФУТБОЛ: Аксарият мамлакатларда чемпионатлар тақдири ҳал
Жанубий Кореяда келаси ҳафтада мавсум бошланади, Хитой эса бу йил футболсиз қолиши эҳтимолида.
ИСПАНИЯ
Каталония Суперкубоги аслида баҳорда ўтказилиши лозим эди, бироқ эпидемия сабаб кейинроқ муддатга қолдирилганди. Энди эса Каталония футбол федерацияси “Барселона” ва “Эспаньол” жамоалари ўртасидаги учрашув ташкил этилмаслигини расман маълум қилди.
Каталония Суперкубоги 2014 йилдан буён 4 марта ўтказилган. Унда икки марта “Барса” ғолиб чиққан, бир сафаргисида омад “Эспаньол”га кулиб боққан. Турнирнинг сўнгги ғолиби “Жирона” ҳисобланади.
ИТАЛИЯ
Мамлакат Бош вазири Жузеппе Контенинг маълумот беришича Италияда 4 майдан карантин қоидалари юмшатилади. Табиийки, бу футбол оламига ҳам тегишли бўлиб, шу кундан футболчиларнинг индивидуал машғулотларига рухсат берилади, жамоавий машғулотлар эса 18 май кунидан бошланиши кутилмоқда.
“Қаттиқ карантинни узоқ вақт давом эттириб бўлмайди, бу ҳолатда мамлакатнинг иқтисодий тизими ишдан чиқади. Кейинги ҳафтада режаларимиз борасида батафсил маълумот берамиз”, — деди вазир.
Яна бир гап. Агар 14 июнгача Италия чемпионати давом эттирилмаса, мавсум муддатидан олдин якунланади. Аксарият клублар мавсумни якунлаб қўйишни хоҳлашмоқда.
ФРАНЦИЯ
Учранглилар ўлкасида Лига 1 муддатидан олдин якунлангани эълон қилинган эди. Бироқ клубларнинг аксарияти бундан норози. Франциянинг ўнлаб ҳаваскор клублари мамлакат футбол федерациясига қарши даъво аризаси бериш имкониятини ўрганиб чиқмоқда. Даъво Франция дивизонларидаги мусобақаларнинг муддатидан олдин тўхтатилгани билан боғлиқ.
ГЕРМАНИЯ
Пандемия туфайли чемпионат ўйинлари вақтинчалик тўхтатилган, мавсум 9 май кунидан давом эттирилиши маълум қилинган эди. Мамлакатда карантин қоидалари юмшатилгач, COVID-19 га чалиниш ҳолатлари кескин ўсишни бошлади, яъни коронавирус тарқалишининг иккинчи тўлқини бошланди. Шу боис Бундеслигада мавсумнинг давом эттирилишига йўл қўйилмаяпти. Аксинча, ҳукумат мамлакатда карантин қоидаларини янада кучайтириши кутилмоқда.
ШВЕЙЦАРИЯ
Мамлакат Федерал кенгаши ички чемпионат баҳсларини 8 июнь санасидан мухлисларсиз давом эттирилишига рухсат берди. Гап Футбол лигаси ушбу қарорни маъқуллайдими ёки йўқ, шунда қолди. Қолаверса, Федерал кенгаш 11 майдан бошлаб спорт турлари бўйича машғулотларни 5 кишидан кўп бўлмаган кичик гуруҳларда жисмоний контакт, гигиена ва масофаланиш қоидаларига риоя этган ҳолда бошлашга ҳам рухсат берди.
НИДЕРЛАНДИЯ
Қироллиги футбол уюшмаси мамлакат чемпионати баҳсларини муддатидан олдин тугатиш ҳақида қарор қабул қилди. Уюшманинг бундай иш тутишига мамлакат раҳбариятининг 1 сентябрга қадар ушбу юрт стадионларида профессионал футбол учрашувларини ўтказишни тақиқлаш ҳақидаги қарори сабаб бўлган.
Демак, мамлакатда чемпион аниқланмайди. Турнир жадвалида етакчилик қилаётган “Аякс” Чемпионлар лигаси саралаш босқичида иштирок этади (тўртинчи босқич). Узоқ вақт ичида дастлабки маротаба ҳақиқатдан ҳам чемпионлик учун курашган «АЗ Алкмар» Чемпионлар лигаси саралашининг иккинчи раундида қатнашади.
Европа лигаси учун плей-офф баҳслари ўтказилмайдиган бўлди, йўлланмалар “Фейеноорд”, ПСВ ва “Виллем ИИ”га берилди.
Эредивизияда бундай ҳолат 1945 йилдан бери илк марта содир бўлмоқда. Лекин ҳозирча лига расмийлари бу борада жавоб беришганича йўқ. Расмий маълумот яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.
ФИФА ҳам, аслида, футбол мусобақаларини ўтказиш тарафдори бўлмаяпти. Ташкилот тиббий қўмитаси вакили Мишель Догенинг таъкидлашича, агар футболчилар майдонга қайтса, бу коронавируснинг иккинчи тўлқинини бошлаб бериши мумкин.
“Барчамиз ҳукумат қарорларига бўйсунамиз. Бу оддий ҳақиқат. Айни пайтда футбол ҳаётдан муҳим эмас. Биз вақтинча футбол ўйнамай туриб вируснинг иккинчи тўлқинидан қутулиб қолишимиз мумкин”, — дейди Доге.
Шунингдек, ташкилот коронавирус туфайли тўхтатилган мавсум давом эттирилса, бир ўйинда 5 нафаргача футболчи алмаштиришга рухсат бериши мумкинлигини ҳам маълум қилди. Бундан мақсад, қисқа муддат ичида етарлича тайёргарлик кўрмаган футболчиларнинг жароҳат олиши ва уларга ортиқча жисмоний босим тушмаслигининг олдини олиш. ФИФА бу режасини амалга ошириш учун футбол қоидаларини ўзгартириш билан шуғулланувчи Футбол ассоциациялари халқаро кенгаши — IFABга мурожаат қилган ҳам. Жавоби кутилмоқда. Агар юқоридаги таклиф тасдиқланса, бу нафақат жорий мавсум, балки 2021 йилги мавсумда ҳам ўз кучида қолиши эҳтимоли катта. Қоида биргина клубларга эмас, балки терма жамоалар ўйинлари ва қолдирилган “Евро-2020”га ҳам тегишлидир.
ШОТЛАНДИЯ
Чемпионат ташкилотчилари ва клублари жорий мавсумни муддатидан аввалроқ якунлаш вариантини кўриб чиқишмоқда. Агар коронавирус пандемияси чекиниши узоқ вақтни талаб қиладиган бўлса, лиганинг барча клублари мавсумни қолган турларисиз якунлаб қўйишга розиликларини билдиришган.
Унга кўра, турнир жадвалининг ҳозирги ҳолатига қараб ютуқлар тақсимланади, яъни чемпионатда энг яқин таъқибчиси “Рейнжерс”ни 13 очкога ортда қолдирган “Селтик” мамлакат чемпиони сифатида қайд этилади.
УЕФА олдинроқ қўйган талабларини (Чемпионлар лигаси ва Европа лигасидан четлаштириш) бекор қилди ва ҳар бир давлат вазиятга қараб иш тутиши кераклигини очиқламоқда. Унинг асосий муаммоси Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси тақдири. Асосан кейинги мавсум еврокубокларини қандай ўтказиш ҳақида бош қотирмоқда. Ички чемпионатлар август ойида бўлса ҳам давом эттирилиши эҳтимоли кўп. Бу ҳолда чемпионатлардаги жамоалар эгаллаган ўринларига қараб еврокубокларда иштирок этиши оддий хол. Чемпионлар лигаси ва Европа лигасининг жорий мавсуми эса икки хил вариантда давом эттирилиши кўриб чиқилмоқда. Турнирнинг қолган ўйинлари ички чемпионатлар билан параллел равишда ёки улар тугаганидан кейин август ойида ўтказилиши мумкин.
УЕФА Чемпионлар лигасини 20 октябрь, Европа лигасини эса 22 октябрь куни бошлайдиган бўлиб турибди. Эслатиб ўтамиз, Чемпионлар лигаси ва Европа лигаси ўйинлари коронавирус туфайли чорак финал босқичларида тўхтатиб қўйилган эди.
Қолаверса, УЕФА ташкилотга аъзо 55 давлат ассоциацияларига коронавирус сабабли юз бераётган инқироз сабабли маблағ ажратилганини маълум қилди. Ташкилот ҳар бир ассоциацияга 4,3 млн евродан пул ажратди, бу пуллар эса умумий 236,5 млн еврони ташкил қилди.
ХИТОЙ
Мамлакат чемпионатининг қачон давом эттирилиши номаълумлигича қолаётган бир пайтда, мутасаддилар чемпионатни умуман давом эттирмаслик ҳақида ҳам чиқиш қилмоқда. Аввалига мухлисларсиз ўтказилиши ёхуд турларни қисқартириш кўзланаётганди, энди эса бу йилги мавсумдан тамоман воз кечиб қўя қолиш, янги мавсумни келаси йилдан бошлаш режалаштириляпти. Расмийлар бу ҳолатни гарчи Хитойда коронавируснинг янги ҳолатлари қайд этилиши деярли тўхтаган бўлсада, ҳозирда уни яна қайта авж олишидан қўрқишаётганликлари билан изоҳлашмоқда. Барча масала келаси ҳафтада узил-кесил қарор топиши кўзда тутиляпти.
ЖАНУБИЙ КОРЕЯ
Ички чемпионат 8 майда старт олиши эълон қилинган. Табиийки, барча ўйинлар мухлисларсиз ўтказилади. Ҳаттоки мусобақа формати ҳам ўзгартирилади. Бундан кейин жамоалар 38та ўйин ўрнига (11 ўйиндан 3 давра ва 5та финал босқичи) 22тадан баҳс ўтказишади (11та ўйиндан 2 давра, 5та финал босқичи).