Фойдаланишга топширилмаган талабалар турар жойидаги талабалар бошқа ТТЖларга кўчирилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент давлат техника университети талабалари талабалар турар жойидан чиқарилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотига кўра, Талабалар шаҳарчасида давлат-хусусий шериклик асосида қурилган мазкур талабалар турар жойи ҳали расман фойдаланишга топширилмаган. Объектнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган ва зарур рухсатномалар олинмаган.
Аниқланишича, айрим талабалар тадбиркор томонидан белгиланган тартибга риоя қилинмаган ҳолда, тегишли йўлланмасиз жойлаштирилган. Шунингдек, бошқа ОТМ талабалари ҳам мазкур объектга жойлаштирилган.
Университет ва вазирлик талабалар ноқонуний тартибда жойлаштирилганидан олдиндан хабардор бўлмаган. Ҳолат аниқлангач, талабаларнинг хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида улар объектдан чиқарилиб, Тошкент давлат техника университетининг бўш талабалар турар жойларига вақтинча жойлаштирилди. Бошқа ОТМ талабалари эса ўз таълим муассасаларига қайтарилди.
Хорижий талабалар ҳам тегишли рухсат ҳужжатларисиз фойдаланишга топширилмаган бинодан чиқарилган. Айни пайтда объектнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва зарур рухсатларни олиш ишлари давом этмоқда. Иссиқ сув ва иситиш тизимлари ҳам ҳали тўлиқ ишга туширилмаган.
Мазкур объектга аввал жойлаштирилган талабалардан ундирилган тўловлар тадбиркор томонидан 100 фоиз миқдорида қайтариб берилган.
Барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тегишли рухсатлар олингач, объект белгиланган тартибда фойдаланишга топширилади.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА