"Fitch Ratings" "Ўзбекгидроэнерго"нинг кредит салоҳиятини ижобий баҳолади
Энергетика корхоналарининг молиявий барқарорлиги, қарз мажбуриятларини бажариш қобилияти ва ишлаб чиқариш салоҳияти халқаро рейтингларда муҳим ўрин тутади.
Бу жиҳатлар "Ўзбекгидроэнерго" АЖнинг кредит кўрсаткичларига берилган навбатдаги халқаро баҳолашда ҳам ўз аксини топди.
"Fitch Ratings" халқаро рейтинг агентлиги жамиятнинг узоқ муддатли кредит рейтингини "BB" даражасида тасдиқлади ва прогнозни "Барқарор" деб белгилади. Жамиятнинг мустақил кредит профили эса "b+" даражасида баҳоланди.
Таҳлил натижалари активлар сифати, молиялаштириш манбаларидан фойдаланиш имкониятлари, қисқа муддатли мажбуриятларни бажариш қобилияти ва молиявий мослашувчанлик бўйича ижобий ўзгаришлар борлигини кўрсатди.
Жамиятнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириши, операцион рентабеллигининг юқорилиги ва қарз юкини самарали бошқариши унинг асосий устунликлари сифатида қайд этилди. Шунингдек, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш тажрибасининг ортиши молиялаштириш имкониятларини кенгайтирувчи ва молиявий мослашувчанликни оширувчи омил сифатида эътироф этилди.
Жамият ахборот хизмати маълумотига кўра, "Fitch Ratings" таҳлилига асосан мамлакатдаги операцион муҳит таъсири ҳисобга олинмаганда, жамиятнинг мустақил кредит профили "bb-" даражасига мос келади. Бу амалдаги "b+" баҳосидан бир поғона юқори. Якуний рейтингда мамлакатдаги умумий фаолият шароитларининг таъсири ҳам инобатга олинган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА