“Fitch” прогнозининг кўтарилиши: Ўзбекистон ислоҳотларига халқаро ишонч мустаҳкамланмоқда
Жорий йилнинг 3 июнь куни халқаро рейтинг агентлиги “Fitch Ratings” Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB” даражасида тасдиқлаб, прогнозни “Stable”дан “Positive”га кўтарди. Бу қарор мамлакатда сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, фискал интизом ва бозор механизмларини ривожлантиришга қаратилган сиёсатнинг халқаро даражадаги муҳим эътирофи сифатида баҳоланмоқда.
ЎзА суҳбатдоши – “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори, иқтисодий таҳлилчи Муҳсинжон Холмухамедов таҳлилларига кўра, гап рейтингнинг ўзгаришида эмас, балки унга берилган истиқбол баҳосида кетмоқда. Халқаро рейтинг амалиётида прогнознинг “Positive” мақомига ўтиши мамлакат иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришлар барқарор тус олаётганини ва келгусида рейтингнинг янада юқорилаши эҳтимоли мавжудлигини англатади.
Ўсиш суръати халқаро ўртача кўрсаткичдан анча юқори
“Fitch” таҳлилларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 7 фоизга, 2027–2028 йилларда эса ўртача 7,4 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич “BB” рейтинг тоифасига кирувчи давлатлар учун ўртача ўсиш суръатидан қарийб икки баробар юқори.
Прогнозларнинг асосли экани амалдаги рақамларда ҳам намоён бўлмоқда. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 8,7 фоизни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 фоизга юқори кўрсаткич бўлиб, мамлакат иқтисодиёти ташқи хавф-хатарлар ва жаҳон бозоридаги беқарорликларга қарамай юқори ўсиш суръатини сақлаб қолаётганини кўрсатади.
Айниқса, ўсишнинг асосий қисми ички талаб, хизматлар соҳаси, саноат ва инвестициялар ҳисобига таъминланаётгани иқтисодий тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворга эга эканини англатади.
Халқаро захиралар иқтисодий хавфсизликни кучайтирмоқда
“Fitch” баҳолашича, Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 2026 йил якунига бориб 71 миллиард долларга етиши мумкин. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2024 йилда 42 миллиард, 2025 йилда эса 66 миллиард долларни ташкил этган эди.
Энг муҳими, мавжуд захиралар ташқи тўловларни қарийб 11 ой давомида қоплаш имконини беради. “BB” рейтингли давлатларда бу кўрсаткич ўртача 5 ой атрофида. Бу эса ташқи иқтисодий шоклар ва глобал молиявий беқарорликка қарши мамлакатнинг ҳимоя қобилияти сезиларли даражада ошганини англатади.
Халқаро амалиётда катта ҳажмдаги захиралар давлатнинг ташқи қарз мажбуриятларини бажариш имконияти ва миллий валюта барқарорлигининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.
Инфляция пасаймоқда, банк тизими мустаҳкамланмоқда
2026 йил апрель ҳолатига кўра инфляция даражаси 7 фоизни ташкил этди. Бу ҳали Марказий банкнинг 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичидан юқори бўлса-да, нархлар ўсиш суръатининг изчил секинлашаётгани иқтисодий сиёсат самара бераётганидан далолатдир.
Шу билан бирга, иқтисодиётда долларлашув даражаси ҳам пасаймоқда. Хусусан, валютадаги кредитлар улуши 2023 йилдаги 45 фоиздан 2025 йилга келиб 39,2 фоизга тушган.
Банк секторининг капитал етарлилиги коэффициенти 18,3 фоизга етгани молиявий тизимнинг мустаҳкамлигини кўрсатади. Имтиёзли кредитлаш улушининг қисқариши ва бозор механизмларининг кенгайиши эса иқтисодиётда ресурсларнинг самарали тақсимланишига хизмат қилмоқда.
Хусусийлаштириш ва IPO: ислоҳотларнинг амалий натижаси
“Fitch” ҳисоботида давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор улушини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳам алоҳида қайд этилган.
2021-2025 йиллар давомида давлат активларининг 5,1 миллиард долларлик қисми хусусийлаштирилди. Шундан 1,9 миллиард доллари 2025 йил ҳиссасига тўғри келади.
Бу жараённинг энг ёрқин намунаси сифатида 2026 йил 13 май куни Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси – UzNIF’нинг халқаро IPO’си қайд этилмоқда. Тошкент ва Лондон фонд биржаларида бир вақтнинг ўзида ўтказилган мазкур жойлаштириш ҳажми қарийб 692 миллион долларга етди ва Европадаги энг йирик IPO’лардан бири сифатида эътироф этилди.
Эътиборлиси, “Fitch” прогнозни “Positive”га кўтарганидан сўнг Лондон фонд биржасида UzNIF глобал депозитар распискалари қиймати сезиларли даражада ўсди. Бу халқаро инвесторларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган ишончи тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
“BBB” рейтинги сари навбатдаги қадам
Ўзбекистон 2030 йилга қадар инвестициявий даражадаги “BBB” суверен рейтингига эришишни мақсад қилган. “Fitch” прогнозининг “Positive” мақомига ўтиши мазкур мақсад сари ҳаракатлар самара бераётганини кўрсатади.
Одатда рейтинг прогнозининг “Positive”га ўзгариши кейинги 12-18 ой давомида рейтингнинг ўзи ҳам юқорилаши мумкинлиги ҳақидаги сигнал сифатида қабул қилинади. Шу жиҳатдан мазкур қарор халқаро молия институтлари, суверен фондлар ва стратегик инвесторлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Бу эса мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини ошириш, “яшил” энергетика, инфратузилма, юқори технологиялар ва туризм соҳаларида янги лойиҳаларни жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
“Fitch”нинг мазкур қарори бир марталик муваффақият эмас, балки сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг мантиқий натижасидир. Фискал интизомни мустаҳкамлаш, давлат молиясини модернизация қилиш, хусусий мулкни қўллаб-қувватлаш ва рақобат муҳитини кенгайтиришга қаратилган чоралар халқаро молия бозорларида Ўзбекистонга нисбатан ишончни сезиларли даражада оширмоқда.
Эндиликда асосий вазифа мазкур суръатни сақлаб қолиш, бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, давлат иштирокини қисқартириш ва инфляцияни мақсадли 5 фоиз даражасига туширишдан иборат. Ана шунда Ўзбекистоннинг “BBB” инвестициявий рейтингига эришиш мақсади янада яқинлашади.
Мусулмон Зиё, ЎзА