Ироқ Ўзбекистон билан иқтисодий шерикликни кучайтиришга қаратилган қарорларни маъқуллади
Ироқ Вазирлар Кенгашининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон билан иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор муҳим ташаббуслар қўллаб-қувватланди.
Хусусан, йиғилиш давомида Ўзбекистон–Ироқ Қўшма бизнес кенгашини ташкил этиш, иқтисодий шериклик бўйича ҳукуматлараро янги битим лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда сармояларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги келишув юзасидан расмий музокараларни бошлашга рухсат берилди.
Ушбу ҳуқуқий қадамлар ўзбекистонлик тадбиркор ва инвесторлар учун Ироқ бозорида кенг имкониятлар очиши, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни сезиларли даражада жонлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Соҳа экспертларининг таъкидлашича, Ироқ ҳукумати томонидан ташланган мазкур қадам яқин истиқболда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ва инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА