Финляндияда профессор-ўқитувчилар малака оширмоқда
Айни кунларда юртимизнинг 10 га яқин олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари Финляндияда малака оширмоқда.
Мазкур малака ошириш курсларида Навоий давлат педагогика институти ректори, профессор Баҳодир Собиров ҳамда Ўзбек тили ва адабиёти факультети доценти Фаррух Йўлдошевлар ҳам иштирок этиб, тажриба орттирмоқда.

Сафар дастурига кўра, Ўзбекистон делегацияси Финляндия мактаблари фаолияти ва олий таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишади.

– Финляндия давлатига бўлган малака ошириш курсимиз Ювяскюля шаҳридан бошланди, – дейди телефон орқали мулоқотда Навоий давлат педагогика институти ректори Баҳодир Собиров. – Дастлабки кун Муураме провинциясидаги Макеланмаки номли бошланғич таълим мактабида бўлдик. Мактабда таълим жараёни ўқувчиларнинг ўзларини эркин ҳис қилиб, дарсда қатнашиши асосида олиб борилади. Таълим тизими бошқаруви ходимларнинг бир-бирига ишончи асосига қурилган бўлиб, дарсдаги назарий маълумотлар компьютер дастурлари ёрдамида ишлаб чиқилган машқлар билан интерактив тарзда бажарилади. Мактабда таълим бир масалага ҳар хил ёндашув тамойили асосида олиб борилар экан. Ҳар куни спорт машғулотларига 30 дақиқа вақт ажратилганлиги ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсатгичига ижобий таъсир кўрсатади.

Малака ошириш курси давомида келгусида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиш ҳам режалаштирилган.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири