FIDE Президенти ва вице-президентлиги учун номзодлар рўйхати тасдиқланди
Жорий йилнинг 15-27 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президентлиги учун сайловлар ташкил этилади.
FIDE сайлов қоидаларининг тегишли моддасига мувофиқ Сайлов комиссияси Халқаро шахмат федерацияси Президенти ва вице-президентлиги учун тақдим этилган номзодлар рўйхатини тасдиқлади.
Унга кўра, немис тадбиркори, инвестори ва шахмат оламидаги йирик шахслардан бири Ян Ҳенрик Бюттнер, германиялик ишбилармон, “WR Chess Team” асосчиси Вадим Розенштейн, Қозоғистон шахмат федерацияси раҳбари Тимур Турлов номзодлари FIDE президентлиги учун қабул қилинган бўлса, англиялик таниқли шахматчи Малколм Пайн(Ян Ҳенрик Бюттнер), хитойлик миллярдер Гордон Танг(Вадим Розенштейн) ва ҳиндистонлик собиқ жаҳон чемпиони Вишванатан Ананд(Темур Турлов) вице-президентликка даъвогар сифатида қайд этилди.

Айтиш лозим, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси биринчи вице-президенти, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти ҳамда ФИА Сенати аъзоси Отабек Умаров FIDE бошқарувини янгилашга қаратилган #WR2026 жамоасидан ўрин олди.
Тадбиркор ва шахмат ҳомийси Вадим Розенштейн бошчилигидаги #WР2026 лойиҳаси Халқаро шахмат федерацияси бошқарувини модернизация қилиш, халқаро шахматга янги стандартлар ва глобал инвестицияларни олиб киришни мақсад қилган.
Ҳамюртимиз О.Умаровнинг ушбу жамоадан ўрин олганини #WR2026 жамоаси қуйидаги тарзда ифода этди:
"Бизнинг сайловолди кампаниямиз фақатгина FIDEни ўзгартириш эмас, балки спорт бошқарувида етакчиларнинг янги авлодини шакллантиришга қаратилган. Янги инсонлар, янги ғайрат, кучли бошқарув ва глобал қараш. Отабек Умаровни жамоамизда кўришдан бағоят мамнунмиз. Шахмат келажаги янгича етакчиликка муҳтож!"
Эслатиб ўтамиз, FIDE президентлик сайловлари жорий йилнинг 26 сентябрь куни Самарқандда ўтадиган FIDE Бош Ассамблеяси давомида бўлиб ўтади.
Т. Рўзиев, ЎзА