Фавқулодда вазиятлар: Минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ҳужжатлар имзоланди
Пойтахтимизда Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарларининг минтақавий форум-йиғилиши бўлиб ўтди.
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, табиий офатлар хавфини камайтириш ҳамда давлатларнинг трансчегаравий хусусиятга эга фавқулодда вазиятларга биргаликда жавоб қайтаришга тайёргарлигини ошириш соҳасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ), Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари халқаро федерацияси, Фавқулодда вазиятлар ва офатлар хавфини камайтириш маркази ҳамда БМТнинг Офатлар хавфини камайтириш бўйича бошқармаси маъсул ходимлари иштирок этди.
[gallery-32056]
Тадбирда илк бор кузатувчи сифатида Озарбайжон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги делегацияси ҳам иштирок этди. Делегацияга Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Рафаил Халид ўғли Мирзоев раҳбарлик қилди. Форум иштирокчилари ва маърузачилари қаторида БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фуджи, ГИЗ вакили Сергей Макаров, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кендзи Хирато, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда соҳавий экспертлар ҳам бўлди.
Форумнинг биринчи кунида минтақавий ҳамкорликнинг асосий йўналишларига бағишланган панель сессиялари бўлиб ўтди. Уларда шаҳарларнинг табиий офатлар ва иқлим ўзгариши хавфларига нисбатан барқарорлигини ошириш, сейсмик хавфсизликни таъминлаш, трансчегаравий сув ресурсларини хавфсиз бошқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, сел ва сув тошқинлари хавфини камайтириш масалалари муҳокама қилинди. Бир нечта давлат ҳудудларини қамраб олувчи йирик кўламли фавқулодда вазиятларга халқаро миқёсда жавоб қайтаришнинг минтақавий механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Сессиялар давомида Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон экспертлари минтақа давлатлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган маърузалар ва ташаббусларни тақдим этди. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари ҳам аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўз таклифларини илгари сурди.
Муҳокамалар якунида иштирокчилар биргаликдаги трансчегаравий лойиҳаларни амалга оширишга асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар ва ташаббусларни янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олди.
Муҳокамалар доирасида иштирокчилар Марказий Осиёнинг йирик шаҳарлари табиий хавф-хатарлар ва иқлим ўзгаришига нисбатан барқарорлигини ошириш, “Барқарор шаҳарлар коалицияси” ташаббуси доирасида шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда сейсмик хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқди. Эрта огоҳлантириш ва ўзаро ахборот алмашиш тизимларини жорий этиш, аҳолининг зилзила хавфи тўғрисидаги хабардорлигини ошириш ҳамда эҳтимолий фавқулодда вазиятларга тайёргарлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, йирик кўламли ва трансчегаравий хусусиятга эга фавқулодда вазиятларга халқаро миқёсда жавоб қайтариш механизмларини такомиллаштириш, сел ва сув тошқинлари оқибатларини камайтириш, хавф мавжуд бўлган дарё ҳавзаларининг минтақавий маълумотлар базаси, онлайн-каталоги ва электрон харитасини яратиш, шунингдек, Марказий Осиёда ландшафтлар барқарорлигини тиклаш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Фавқулодда вазиятларни прогноз қилиш, ахборот алмашинуви самарадорлигини ошириш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш жараёнларида ҳаракатларни мувофиқлаштиришни такомиллаштиришда замонавий рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Форум якунларида Марказий Осиё давлатлари фавқулодда вазиятлар идоралари раҳбарларининг минтақавий форуми якунида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш масалаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Мазкур тадбир тажриба алмашиш, қўшма ташаббусларни муҳокама қилиш ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб олиш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди.
Эришилган келишувларнинг амалга оширилиши Марказий Осиё давлатларининг табиий ва техноген хавф-хатарларга тайёргарлигини ошириш, аҳоли ва ҳудудлар муҳофазасини мустаҳкамлаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларга биргаликда жавоб қайтариш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Форум минтақа аҳолиси хавфсизлигини таъминлаш, хавфларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини камайтиришнинг самарали тизимини шакллантиришда минтақа давлатлари ҳамда халқаро ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади.
Гулноза Бобоева,
Фарҳод Абдурасулов (сурат)
ЎзА