Фармацевтика: йод танқислигини бартараф этиш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқаришга янги қадам қўйилди
Бугунги кунда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва микроэлементлар етишмовчилигини бартараф этиш масалалари дунё миқёсида долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, инсон организми учун жуда муҳим бўлган йод моддасининг танқислиги кўплаб касалликларга сабаб бўлаётгани мутахассислар томонидан қайд этилмоқда. Шу нуқтаи назардан, йод маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уни аҳолига етказиб бериш тизимини такомиллаштириш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Йод — инсон организмида қалқонсимон без фаолиятини таъминлайдиган энг муҳим микроэлементлардан бири ҳисобланади. У гормонлар ишлаб чиқарилишида иштирок этиб, модда алмашинуви, асаб тизими фаолияти, болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишида ҳал қилувчи ўрин тутади. Йод етишмаслиги эса қалқонсимон без касалликлари, хотира сусайиши, чарчоқ, иммунитет пасайиши ва болаларда ривожланишдан орқада қолиш каби жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, ҳозирги замонда йод танқислигининг асосий сабабларидан бири, озиқ-овқат таркибида мазкур элементнинг камайиб бораётганидир. Тупроқ таркибида йод миқдорининг пастлиги, экологик омиллар, шунингдек, қайта ишланган маҳсулотлар истеъмолининг ортиши аҳоли организмига тушаётган йод миқдорини камайтирмоқда. Шунингдек, денгиз маҳсулотлари, балиқ, сут маҳсулотлари каби йодга бой озиқ-овқатларнинг етарли даражада истеъмол қилинмаслиги ҳам бу муаммони янада кучайтирмоқда.
Йодни асосан денгиз балиқлари, денгиз карамлари, сут ва сут маҳсулотлари, тухум ҳамда йодланган туз орқали қабул қилиш мумкин. Бироқ кўплаб ҳудудларда, жумладан, Ўзбекистонда денгиз маҳсулотлари истеъмоли чеклангани сабабли аҳоли ўртасида йод етишмовчилиги ҳолатлари учраб туради. Мамлакатимизда бу борада муайян чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, йодга бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш масаласи ҳали ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Айни шу жиҳатлар йод сақловчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш ва фармацевтика саноатини ривожлантиришни тақозо этмоқда.
Ана шулардан келиб чиқиб, йод маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Туркманистон делегацияси билан учрашув ўтказди. Учрашув давомида йод сақловчи тиббий маҳсулотлар ва препаратлар ишлаб чиқаришга қаратилган истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Музокаралар жараёнида йод хомашёсини ажратиб олиш, уни тиббий даражада тозалаш ҳамда кейинчалик мамлакат ҳудудида чуқур қайта ишлаш имкониятлари ҳақида сўз юритилди. Хусусан, Бухоро вилоятида йод хомашёсини қазиб олиш ва уни “Bio Pharma City” фармацевтика кластери доирасида юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотларга айлантириш истиқболлари қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда мамлакатимизнинг инвестицион салоҳияти, жумладан, замонавий фармацевтика кластерлари доирасида яратилган инфратузилма, хорижий инвесторлар учун тақдим этилаётган солиқ ва маъмурий имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Лойиҳаларни амалга оширишни кластер ҳудудида ёки мавжуд фармацевтика эркин иқтисодий зоналарида жойлаштириш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар фармацевтика соҳасида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Юқорида қайд этилган ташаббуслар нафақат фармацевтика тармоғини ривожлантириш, балки аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Йод маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали мамлакатда ушбу микроэлемент танқислигини қисқартириш, сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш имконияти кенгаяди. Бу эса ўз навбатида, келажак авлод саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом жамиятни шакллантиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА