Фарғонада спорт гимнастика маркази очилди (+видео)
Фарғона вилояти мамлакат спорт шуҳратига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Энди унинг қамрови янада кенгаяди. Мустақиллик байрами арафасида Фарғонада спорт гимнастикаси маркази тантанали равишда очилди.
Марказ нафақат Фарғона вилояти, балки бутун Фарғона водийсида гимнастикада спорт турларини янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш ва профессионал захирани тайёрлашда муҳим ўрин тутади.

– Марказимизда спорт гимнастикаси, трамплин спорт турлари, бадиий гимнастикага болаларни қамраб олиш вазифаси белгиланган, – дейди Фарғона вилояти гимнастика спорт турларига тайёрлаш маркази директори Жавлон Қосимов. – Фарғона, Қува туманлари ҳамда Марғилон шаҳрида жами бўлиб 571 нафар ёшлар шуғулланади. Марказда эса 132 нафар спортчилар ўқийди, яшайди ва кунига 4 маҳал овқатланади. Марказимизнинг асосий мақсади иқтидорли ўқувчиларни танлаб олиш ва қабул қилишдир.

Спорт маскани халқаро талаблар асосида барпо этилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида 174 ўринли ётоқхона, 100 ўринли ошхона қурилиб, гимнастика спорт турига ихтисослашган спорт мактаби мукаммал таъмирланди. Бу ишларга 67 миллиард сўм маблағ сарфланди. Спорт вазирлиги 91 турдаги замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди.

Бугун Фарғона вилоятида 4 минг нафар ёшлар гимнастика билан шуғулланмоқда. Уларга юздан зиёд мураббий таълим бермоқда. Тарбияланувчилар эса турли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритмоқда.


- Уларнинг 100 нафари республика ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритишмоқда. 50 нафарга яқини эса Ўзбекистон Миллий терма жамоасининг аъзоси. Шу йил июнь ойида Хитойнинг Цзуньзе шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Канаев Темур фахрли 3-ўринни эгаллади, - дейди Марказ директори.
Гимнастика марказига Президент совғаси – янги автобус ҳам тантанали суратда топширилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JQ3EaFTbRYQ" title="Farg‘onada sport gimnastika Markazi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА