Ереванда боксчиларимиз муваффақиятли старт олди
Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида бокс бўйича анъанавий «Yerevan Mayor Cup» халқаро турнири старт олди.
Мусобақанинг илк кунги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Шаҳзод Музаффаров ва Иқболжон Холдоров рингга кўтарилиб, ишончли ғалабаларни қўлга киритди.
-55 кг. вазн тоифасида иштирок этаётган Шаҳзод Музаффаров илк босқичда исроиллик Фарид Хреишга қарши баҳс олиб борди. Учрашув давомида ташаббусни тўлиқ ўз қўлида ушлаб турган ҳамюртимиз ҳакамларнинг якдил қарори билан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўлланмани расмийлаштирди.
-70 кг. вазн тоифасидаги вакилимиз Иқболжон Холдоров эса мезбонлар вакили Вахаг Асатрянга қарши рингга чиқди. Жанг давомида устунликни қўлдан бой бермаган ўзбекистонлик боксчи рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақани муваффақиятли бошлади.
Эртага мазкур турнирда яна бир ҳамюртимиз — Самандар Олимов ўзининг илк баҳсини ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА