Фарғонада Мустақиллик байрамига бағишланган фестиваль ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний номли маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида маданий-маърифий фестиваль бўлиб ўтди.
Шарқий ҳарбий округ давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ташкил этган тадбир халқимизнинг миллий қадриятларини тарғиб этиш, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш ҳамда мустақиллик йилларида қўлга киритилган ютуқларни кенг жамоатчиликка етказишга қаратилди.
[gallery-30999]
Фестиваль дастуридан ҳарбий оркестр жамоасининг мусиқий чиқишлари, фахрий қоровул бўлинмасининг кўргазмали намойишлари, шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги бўйича чиқишлари ўрин олди. Ҳарбийларнинг касбий маҳорати ва жанговар тайёргарлигини намоён этган чиқишлар томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Тадбир давомида Янги Ўзбекистонда инсон қадрини юксалтириш, халқ фаровонлигини таъминлаш ва мамлакат тараққиёти йўлида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни асраш, ёшларни Ватанга садоқат, миллий ғурур ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Байрамона руҳда ўтган фестиваль мамлакатимиз мустақиллиги, халқимиз ҳамжиҳатлиги ва Ватан равнақи йўлидаги бирдамлик ғояларини кенг тарғиб этди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА