Фарғонада АЭС қуриладими?
Фарғонада дув-дув гап: атом электр станцияси қурилармиш! Ижтимоий тармоқ ва аҳоли орасида бундай миш-миш тарқалишига икки сабаб бор эди. Биринчиси, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятидаги янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш маросимида “Ўзбекистонда иккинчи атом электр станцияси барпо этиш бўйича катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда” дегани бўлди. Иккинчиси эса, шу кунларда Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг “Росатом” давлат корпорацияси Марказий Осиё ва Япониядаги ваколатхонаси бош директори Алексей Дремучев бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани эди.
“Учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларига эътибор қаратилди”, дейилади вилоят ҳокимлигининг расмий ахборотида. Аммо “Росатом”нинг юқори мартабали мулозими Алексей Дремучев Фарғонада икки кун давомида олий таълим муассасалари ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишди. Хусусан, у Фарғона шаҳридаги “Central Asian Medical University” халқаро тиббиёт университетида бўлиб, замонавий тиббий таълим ва малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнлари билан қизиқди. Ўзаро ҳамкорлик истиқболлари юзасидан музокара ўтказди.

Хўш, “Росатом” вакилининг Ўзбекистонга, хусусан, Фарғона вилоятига ташрифи Ўзбекистонда иккинчи атом электр станцияси қурилиши билан боғлиқми? Фарғона вилояти ҳокимлиги аҳборот хизмати Алексей Дремучевнинг ташрифи чоғида бу масала муҳокама қилинмаганини таъкидлади.
Мамлакатда қурилиши режалаштирилаётган яна бир атом электр станцияси техник талаблар тақозосига кўра вилоятнинг Сирдарё ёки Катта Фарғона канали сув ҳавзаларидан бирида бунёд этилиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА