Янги ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
Сирдарё вилоятида хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва саноат тармоқларини ривожлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шу мақсадда бугун Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Тианжин шаҳрида жойлашган «Цзия миллий иқтисодий-технологик ривожланиш зонаси» делегациясини қабул қилди.
Мулоқотда Сирдарё вилояти ва Хитойнинг мазкур иқтисодий-технологик ҳудуди ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Хусусан, пластик чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан иккиламчи хомашё олиш, металл конструкциялар ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, шунингдек, ПЭТ қадоқлаш материалларини ишлаб чиқариш йўналишларида лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар мазкур йўналишларда замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилдилар.

Учрашув якунида таклиф этилаётган инвестиция лойиҳаларини ҳар томонлама ўрганиш, уларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш ҳамда ҳамкорликнинг кейинги босқичларини аниқ белгилаб олиш бўйича келишиб олинди.

Мазкур мулоқот Сирдарё вилоятининг халқаро иқтисодий ҳамкорлик географиясини кенгайтириш, саноатни модернизация қилиш ва янги инвестициявий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири