Фан олимпиадаси бошланди (+видео)
Наманган вилояти Давлатобод туманидаги 58-сонли умумтаълим мактабида биринчи гуруҳ фанларидан асосий олимпиаданинг учинчи босқичига старт берилди. Мазкур вилоят босқичи математика, физика, кимё, биология, информатика каби фанлар бўйича 15 та фандан ташкил қилиниб, 4 декабргача давом этади.
Билимлар синовида туман босқичида ғолиб чиққан умумтаълим мактаблари, академик лицей ва ихтисослаштирилган мактабларда 9-,10-11-синфларда ўқиётган жами 2 минг 222 нафар ўқувчи иштирок этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, амалдаги тартиб бўйича асосий олимпиаданинг учинчи муҳим босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар биринчи ўрин учун Базавий ҳисоблаш миқдорининг олти баравари, иккинчи ўрин учун тўрт баравари, учинчи ўрин учун эса уч баравари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланади.
– Иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган асосий фан олимпиадаси тест ва ёзма шаклда интеллектуал салоҳиятларини синовдан ўтказишмоқда, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Музаффар Исаев. – Олимпиада биринчи ўринни эгаллайдиган 45 нафар ўқувчимиз ҳал қилувчи республика босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/c2AMOu72bF8" title="Fan olimpiadasi boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Оқилхон Дадабоев, ЎзА