ЕТТБ: Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилда 6,5 фоизга ўсиши кутилмоқда
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистон иқтисодиёти бўйича навбатдаги прогнозини эълон қилди. Халқаро молия институти баҳолашига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2026 йилда 6,5 фоиз, 2027 йилда эса 6 фоизга ўсади. Бу кўрсаткичлар Ўзбекистон минтақадаги энг барқарор ва жадал ривожланаётган иқтисодиётлардан бири бўлиб қолаётганини тасдиқлайди.
ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Мўғулистон бўйича тайёрлаган янги ҳисоботида қайд этилишича, йил бошидан буён минтақада юқори иқтисодий фаоллик сақланиб қолган. Айниқса, ички талабнинг ўсиши, инвестициялар ҳажмининг ортиши, қурилиш ишларининг кенгайиши ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасидаги фаоллик иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8,7 фоизга ўсган. Бундай юқори натижа аҳоли даромадларининг кўпайиши, истеъмол фаоллигининг ошиши ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида кузатилаётган ижобий динамика билан изоҳланади.
Хусусан, хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар томонидан юборилаётган пул ўтказмалари ҳажмининг кўпайиши ҳамда иш ҳақларининг ўсиши хизмат кўрсатиш соҳасида талабни рағбатлантирган. Бу эса савдо, транспорт, алоқа ва бошқа хизмат кўрсатиш йўналишларининг кенгайишига хизмат қилган.
Саноат соҳасида ҳам ижобий натижалар қайд этилмоқда. Биринчи чорак якунларига кўра, саноат ишлаб чиқариши 8 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми эса 15,5 фоизга ошган. Йирик инфратузилма лойиҳалари, уй-жой қурилиши ва хусусий сектор инвестицияларининг фаоллиги қурилиш соҳасидаги ўсишнинг асосий омилларидан бири бўлмоқда.
Шу билан бирга, ЕТТБ экспертлари иқтисодий ўсиш истиқболларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташқи хавфларга ҳам эътибор қаратган. Жумладан, Россия иқтисодиётида эҳтимолий секинлашув, Яқин Шарқдаги геосиёсий тарангликнинг давом этиши, энергия ресурслари нархларининг ўзгарувчанлиги ҳамда глобал таъминот занжирларидаги узилишлар минтақа иқтисодиётлари учун асосий хатарлар сифатида баҳоланмоқда.
Ҳисоботда таъкидланишича, Яқин Шарқдаги можароларнинг чўзилиши нафақат энергия бозорларига, балки Россия ва Хитой каби йирик иқтисодий ҳамкор давлатлар иқтисодиётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳолат ташқи савдо, экспорт ҳажмлари ва инвестиция оқимларига босим ўтказиши эҳтимолини оширади.
ЕТТБ прогнозларига кўра, 2026 йилда Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти қуйидаги суръатларда ўсади: Қирғизистон — 8,7 фоиз, Тожикистон — 7,9 фоиз, Ўзбекистон — 6,5 фоиз, Туркманистон — 6,3 фоиз ва Қозоғистон — 4,7 фоизга ўсади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, Қирғизистонда ўсишга саноат, қурилиш ва савдо соҳалари ҳисса қўшаётган бўлса, Тожикистонда инфратузилма ва энергетика лойиҳалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Туркманистон иқтисодиётида нефть-газ тармоғи асосий драйвер бўлиб қолмоқда. Қозоғистонда эса қурилиш ва транспорт соҳалари ижобий динамикани сақлаб турган бўлса-да, нефть қазиб олиш ҳажмининг қисқариши умумий ўсиш суръатларига таъсир кўрсатмоқда.
Мутахассисларнинг қайд этишича, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиёти ташқи босимлар ва геосиёсий хавфларга қарамасдан барқарор ўсишни сақлаб қолмоқда. Бироқ узоқ муддатли иқтисодий тараққиётни таъминлаш учун инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хусусий сектор ролини кучайтириш, рақобатбардошликни ошириш ҳамда таркибий ислоҳотларни изчил давом эттириш муҳим аҳамият касб этади.
ЕТТБ хулосасига кўра, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чоралари ва инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг ўрта муддатли истиқболда ҳам юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишига хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА