Гонконглик тадбиркор ва ишбилармонлар мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотлар билан танишди
Гонконг Маъмурияти раҳбари бошчилигидаги нуфузли делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи иқтисодий ҳамкорликда янги давр ваъда қилмоқда. Бу инвестиция ва савдо алоқаларини кенгайтиришга туртки бўлади.
Мамлакатимизга ташриф буюрган Гонконг Маъмурияти раҳбари Жон Ли бошчилигидаги делегациянинг кун тартиби қизғин учрашув ва қизиқарли суҳбатларга бой бўлди. Айниқса, делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Инвестициялар, саноат ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган бизнес-брифинг ҳамда давра суҳбати меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур нуфузли тадбирда Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирок этди.

Учрашув саноат, молия, логистика, IT ва қурилиш соҳасида фаолият юритувчи Гонконгнинг 120 дан ортиқ етакчи компанияси вакилларини бир даврага жамлади. Брифинг давомида хорижлик меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти, бизнес учун яратилган қулай шароитлар ҳамда инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари атрофлича таништирилди.

Давра суҳбати давомида икки томон ишбилармон доиралари савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, молиявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масаласини муҳокама қилдилар. Музокара якунида томонлар ўзаро инвестиция ҳажмини ошириш ҳамда узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шерикликни изчил ривожлантиришга келишиб олди.

Г.Сатторова, ЎзА