Эскроу: уй-жой фойдаланишга топширилганидан сўнг фуқароларнинг маблағи қурувчига ўтказилади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назорати фаолиятига оид масалалар муҳокамаси режалаштирилган.
Мажлисда дастлаб “Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Бугун мамлакатимизда уй-жой қурилиши кенг кўламда олиб борилмоқда. Сўнгги 10 йилда 10 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлар барпо этилди, — деди депутат Шокиржон Аҳмедов. — Бу 2017 йилга нисбатан уч баробарга ошган. Аммо соҳада инсофсиз қурувчилар ҳам йўқ эмас. Шу боис, мазкур қонун лойиҳаси билан кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Унда улушли қурилиш муносабатлари иштирокчиларининг, давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари, ўзаро муносабатларига оид қоидалар аниқ белгиланяпти.
Президентимизнинг 2025 йил 27 январдаги Фармони билан улушли қурилишда эскроу тизими босқичма-босқич жорий этилмоқда. Хусусан, 2025 йил 1 июлдан улушдорлар маблағларини эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш тарафларнинг танловига кўра ихтиёрий асосда амалга оширилмоқда. Фармонда 2026 йил 1 январдан маблағларни фақат эскроу ҳисобварақлари орқали жалб қилиш кўзда тутилган. Бугун 251 та уй-жой мажмуаси қурилиши улушдорларнинг маблағларини эскроу ҳисобварақлари орқали жалб этиш асосида барпо этилмоқда ва 5 мингдан зиёд шартномалар расмийлаштирилган.
Ушбу қонун лойиҳаси билан фуқаролар маблағларини ҳимоя қилиш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий кафолатлар яратилмоқда. Жумладан, фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағлари тўғридан-тўғри қурувчи ихтиёрида эмас, балки банкларда очиладиган эскроу ҳисобварағи орқали сақланади. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан сўнг маблағлар қурувчига ўтказилади.

Қурувчи (девелопер) фақат қонунда белгиланган талабларга жавоб берган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бундан ташқари, улушли иштирок этиш шартномаси нотариал тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу бир объектнинг такроран сотилиши, ноқонуний шартномалар тузилиши каби ҳолатларнинг олдини олади.
Лойиҳада қурувчи қонун талабларига зид равишда фуқаролар маблағларини жалб қилган тақдирда, улушдор ушбу маблағларни қайтаришни ва улардан фойдаланилганлик учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида қурилиш лойиҳаларини ўз вақтида якунига етказишга қаратилган таъсирчан механизмлар ҳам назарда тутилмоқда. Жумладан, зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, қурилишнинг узлуксиз молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган молиявий механизмлар яратилмоқда. Бу эса қурилиш тўхтаб қолишининг олдини олиш ва улушдорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади, — деди депутат.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар сайловчилар, оммавий ахборот воситалари, қурувчилар ва девелоперлар, банк-молия тизими вакиллари ҳамда соҳага дахлдор бошқа субъектлар билан мулоқот қилиб, уларнинг фикр ва таклифларини ўрганди. Таҳлиллардан келиб чиқиб, улушдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, бугунги кунда қурувчилар томонидан қуриб фойдаланишга топширилаётган хонадонларнинг майдони шартномада белгиланган майдондан фарқ қилаётганлиги кўплаб фуқароларнинг эътирозига сабаб бўлаётганлиги туфайли, 34-моддада улушли қурилиш объекти майдонининг шартномада кўрсатилган майдондан рухсат этилган ўзгариш даражасини беш фоизгача ҳамда лойиҳа ҳужжатларидаги жиддий ўзгаришларни муайян фоиз билан чеклаш қоидалари чиқариб ташланди.

Шунингдек, қурилишни самарали якунлаш, хонадонларнинг улушдорларга топширилишининг молиявий сабабларга кўра кечикишининг олдини олиш мақсадида қурилиш қийматининг камида 70 фоизини банк кредити, кўпи билан 30 фоизини эса қурувчининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартиби белгиланмоқда.
Шу билан бирга, уйни топшириш муддати бузилганда, объектни муаммоли деб топиш учун яна 6 ой кутиш талаб этилмаслиги назарда тутилди. Қурувчининг камчиликларни бартараф этмасдан, фақат товон тўлаш йўли билан муаммоли объектлар реестридан чиқиб кетишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Муҳокамаларда бир қатор савол ва таклифлар ўртага ташланди ва мутасаддиларнинг фикрлари тингланди. Таъкидланганидек, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши фуқароларнинг уй-жой қурилишига киритган маблағларини ишончли, ҳуқуқий ва молиявий механизмлар орқали ҳимоя қилишга, маблағларни қонунда белгиланмаган усулда жалб қилиш ҳолатларининг олдини олишга ҳамда улушдорларнинг манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА