Фуқароларнинг қурилишга киритган маблағлари кафолатли ҳимоя қилинади
Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Улушли қурилишларга жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилишга оид муҳим қоидалар белгиланмоқда.
Уй қурилишининг камида 70 фоизи банк кредити, кўпи билан 30 фоизи эса қурувчининг ўз маблағи ҳисобидан молиялаштирилиши назарда тутилмоқда. Фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиш механизмлари белгиланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилган “Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида айни шу масалалар кўзда тутилмоқда.
Қайд этилганидек, қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан кейин маблағлар қурувчига ўтказилади. Шунингдек, қурувчи фақат қонунда белгиланган талабларга жавоб берган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида қурилиш лойиҳаларини ўз вақтида якунига етказиш мақсадида зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, қурилишнинг узлуксиз молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган молиявий механизмлар яратилмоқда. Бу эса қурилиш тўхтаб қолишининг олдини олиш ва улушдорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида амалиётда бир хонадоннинг бир нечта фуқарога расмийлаштирилиши ёки қурилиш учун тўланган маблағларнинг қайтарилмаслиги билан боғлиқ ҳолатларга ҳам эътибор қаратилди. Депутат Сайёра Имомова қонун лойиҳасида бундай ҳолатларнинг олдини олиш механизмлари қай даражада акс этгани билан қизиқди. Халқ вакилларининг саволларига масъуллар томонидан тушунтиришлар берилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА