Эрон ядровий дастури бўйича янги келишув лойиҳаси муҳокамада
АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий келишув бўйича музокаралар доирасида Ислом Республикаси учун уранни бойитиш фаолиятини узоқ муддатга – тахминан 15 йилга тақиқлаш масаласи муҳокама қилинмоқда.
“The New York Times” нашри ёзишича, сўнгги ҳафталарда томонлар эҳтимолий келишувнинг тўртта асосий йўналиши бўйича музокаралар олиб борган. Вашингтон фикрича, мазкур чоралар Эроннинг ядровий дастурини камида 15 йилга сезиларли даражада чеклаши мумкин.
Музокаралардаги асосий бандлардан бири Эроннинг уранни бойитиш фаолиятини тўлиқ тўхтатишни назарда тутади. АҚШ дастлаб 20 йиллик тақиқни таклиф қилган бўлса, Эрон 10 йиллик муддатни илгари сурган. Америка расмийлари томонлар 15 йиллик муросали вариант бўйича келишувга эришиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
Хабарга кўра, музокаралар давомида бойитилган уран захираларини қисқартириш, Эроннинг асосий ядровий объектларини демонтаж қилиш ҳамда халқаро инспекторларга тезкор текширувлар ўтказиш имкониятини бериш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Манбаларнинг таъкидлашича, ҳозирча муҳокамалар эҳтимолий келишувнинг дастлабки параметрлари доирасида кечмоқда. Шу билан бирга, Яқин Шарқдаги вазиятнинг янада кескинлашиши музокараларнинг кейинги тақдири ва йўналишига оид ноаниқликларни сақлаб қолмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА