БAA ҳаво ҳудудидаги чекловни узайтирди
БАА ҳаво ҳудудида парвоз чеклови муддати узайтирилди. Минтақадаги кескин ҳарбий тўқнашув авиация хавфсизлигига қандай таъсир қилди?
Бирлашган Араб Амирликлари авиация расмийлари мамлакат ҳаво ҳудудида амал қилаётган парвоз чекловини 23 июнга қадар узайтиришга қарор қилди. ТАСС агентлиги Яқин Шарқдаги авиадиспетчерлик хизматидаги манбасига таяниб хабар беришича, айни пайт БАА аэропортларида махсус олти йўлак ҳамда ҳаво чегарасини кесиб ўтиш бўйича назорат нуқталари белгиланган. Шунингдек, маъмурият хорижий авиакомпанияларни мамлакатга парвоз қилишдан олдин юзага келиши эҳтимоли бор операцион хавф-хатарни синчиклаб баҳолаш зарурлиги борасида яна бир бор огоҳлантирган. Рейсни амалга ошириш учун авиакомпания тегишли сўровнома юбориб, расмий билдиришнома олиши шарт. Фақат бу тартиб эвакуация, санитария ва давлат авиацияси парвозларига тааллуқли эмас.
Минтақадаги вазият кескинлашувига бир неча кундан бери давом этаётган ҳарбий тўқнашув сабаб. Хусусан, 6 июнь куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ливан жанубидаги Набатия музофоти ва Ғарбий Бекаъ минтақасига, 7 июнда эса Байрут атрофидаги “Ҳизбуллоҳ” объектига кучли зарбалар берди. Бунга жавобан ўша оқшом Эрон Исроилнинг шимолий ҳудудини ракетадан ўққа тутди. Теҳрон аввалроқ Ливан пойтахтига ҳужум қилинган тақдирда Исроилга зарба беришидан огоҳлантирган эди. Ўз навбатида Исроил 8 июнга ўтар кечаси Эроннинг ғарбий ва марказий вилоятларидаги ҳарбий объектлар, хусусан Хузистон музофотидаги нефть-кимё корхонасига зарар етказган жавоб зарбасини йўллади. 8 июнь эрталаб эса Эрон Исроил ҳудудини яна бир бор ўққа тутди. Минтақадаги ушбу беқарор вазият сабаб, авиация хавфсизлигини таъминлаш мақсадида чеклов чораси амалда қолмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА