Эрон ва АҚШ ўртасидаги махфий келишув лойиҳаси ошкор қилинди
Эрон агентлиги Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги 14 бандлик муҳим келишув лойиҳасини ошкор қилди. Ядровий, ҳарбий ва иқтисодий масалаларни қамраб олган бу ҳужжат минтақадаги кўп йиллик зиддиятга якун ясай оладими?
Эроннинг “Меҳр” ахборот агентлиги Теҳрон ва Вашингтон ўртасида муҳокама қилинаётган 14 банддан иборат англашув меморандуми лойиҳасини эълон қилди. Ушбу ҳужжат ядровий муаммо, ҳарбий ҳаракатни тўхтатиш ва иқтисодий чекловни олиб ташлаш каби муҳим масалаларни назарда тутган. Лойиҳага кўра, барча жабҳаларда уруш зудлик билан тўхтатилиши, АҚШ Эрон суверенитетини ҳурмат қилиши ва Ислом Республикасининг ички ишларига аралашмаслиги лозим.
Шунингдек, бир ой ичида денгиз қамали бекор қилиниши, Ҳурмуз бўғози фаолияти тикланиши ва Америка қўшинлари Эрон чегарасидан олиб чиқилиши каби таклифлар киритилган. Иқтисодий соҳада Эрон нефтига қўйилган санкцияни тўхтатиш, мамлакатнинг молиявий ресурсларини очиш ҳамда давлатни тиклаш учун 300 миллиард долларлик дастур яратиш кўзда тутилган. Музокара доирасида АҚШга янги санкция киритиш ва минтақадаги ҳарбийлар сонини ошириш тақиқланади. Ядровий масала бўйича томонлар 60 кун ичида якуний тўхтамга келиши зарур. Бунда Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқармаслик мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур матн ҳали расмий идоралар томонидан кўриб чиқиладиган дастлабки хомаки лойиҳалигини билдирди. АҚШ томони эса ҳужжат юзасидан ҳозирча ҳеч қандай расмий изоҳ бергани йўқ.
Ф.Яхшибоева, ЎзА