Сиэтлда отишма: полиция гумонланувчини қидирмоқда
АҚШнинг Сиэтл шаҳрида жойлашган “Seattle Center” мажмуасида юз берган оммавий отишма оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди, камида беш киши турли даражадаги жароҳатлар олди.
“The Seattle Times” нашрининг маълум қилишича, фожиа якшанба куни оқшомида, минглаб одамлар “Bite of Seattle” таомлар фестивалида ҳордиқ чиқараётган бир вақтда содир бўлган.
Хабарга кўра, маҳаллий вақт билан соат 18:00 атрофида кетма-кет ўқ овозлари эшитилиши биланоқ одамлар саросимага тушиб, хавфсиз жой излай бошлашган. Гувоҳларнинг айтишича, воқеа пайти ҳудудда кучли тиқилинч юзага келган.
Жароҳатланганлар дарҳол “Harborview” тиббиёт марказига етказилган ва уларнинг тўрт нафарининг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Фақат бир нафар 56 ёшли аёл оғир тан жароҳати олган. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари гумонланувчини қўлга олиш бўйича тезкор ҳаракатларни давом эттирмоқда ва полиция аҳолидан ҳодиса жойига яқинлашмасликни сўраган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА