Эрон спорт делегацияси Ўзбекистонда
Шу кунларда мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Эрон Ислом Республикасининг спорт ва ёшлар сиёсати ҳамда халқаро алоқалар соҳасидаги вакилларидан иборат делегация аъзолари пойтахтимиздаги "Ҳумо арена" спорт мажмуаси ва муз саройи, “Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати” музейи ҳамда Баҳодир Жалолов номидаги боксга ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолияти, машғулотлар жараёни ва ёш боксчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов меҳмонларга янги Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси асосида жисмоний тарбия ва спорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, спортчилар учун яратилаётган замонавий шароитлар, “Олимпия шаҳарчаси”нинг имконият доираси ҳамда юқори малакали спорт мутахассисларини тайёрлаш тизими ҳақида маълумот берди.

Эрон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Спорт ва ёшлар ишлари вазири жаноб Аҳмад Дунёмолий, Ташқи ишлар вазирлиги Жамоатчилик дипломатияси бош директори жаноб Алиреза Ҳидоятпур ҳамда Эрон спорт вазирлиги Халқаро алоқалар бош директори жаноб Муҳаммад Ҳасан Тақизода Ҳомани мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга, профессионал спортчиларни тайёрлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга юқори баҳо берди.

Ташриф давомида Ўзбекистон ва Эрон ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашиш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Т.Рўзиев, ЎзА