Самарқандда йилнинг нуфузли шахмат мусобақаси бошланди
Самарқанд халқаро туризм марказида ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида III шахмат паралимпиадасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Шу тарзда 10-28 сентябрь кунлари мамлакатимизда ўтказилиши белгиланган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, III шахмат паралимпиадаси ва Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) конгресси тадбирлари расман бошланди.
Маросим аввалида Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси ҳамда халқаро шахмат ҳамжамиятининг бирдамлиги, дўстлиги ва ўзаро ҳурматини ифода этувчи FIDE мадҳияси янгради.
III шахмат паралимпиадасида вакиллари иштирок этаётган 31 давлат номи эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазири А.Икромов, Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) Бошқарув кенгаши вакили Дана Рейзнесе хоним сўзга чиқиб, мусобақа иштирокчилари ва меҳмонларини табриклади.
Дана Рейзнесе хоним ўз сўзида дунё шахматининг нуфузли тадбирларини ўтказиш учун Ўзбекистонда жуда катта, юксак савияда тайёргарлик кўрилганини эътироф этиб, бунинг учун мамлакатимиз Президентига миннатдорлик билдирди.
Ногиронлиги бўлган шахслар ўртасидаги III шахмат паралимпиадаси ақл-идрок, енгилмас ирода ва тенг имкониятларнинг глобал тантанаси эканлиги таъкидланди. Асрлар давомида Шарқ ва Ғарб тафаккури чорраҳасида сайқал топган шахмат нафақат тактика, балки инсоннинг жисмоний чекланишларни енгиб ўтишга бўлган чексиз руҳий қудрати, сабри ва донолигини ифода этувчи ноёб бадиий ва мантиқий ҳодисадир. FIDE шахмат паралимпиадаси миллий ва умуминсоний интеллектуал меросни асраш, инклюзив маданиятни юксалтириш, ақл-идрок ва меҳр-оқибат муҳитида жаҳон ҳамжамиятини бирлаштиришга хизмат қилувчи муҳим ва тарихий воқеа сифатида намоён бўлади.
Мазкур мусобақада 41 жамоа иштирок этаётгани шахмат паралимпиадалари тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Бундан аввал Сербиянинг Белград шаҳрида ўтказилган шахмат паралимпиадасида 26, Қозоғистоннинг Остона шаҳри мезбонлик қилган мусобақада 34 жамоа қатнашган. Бу йил эса 41 жамоанинг 150 нафар эркак ва 46 нафар аёл шахматчиси ўзаро куч синашади. Улар 11 сентябрдан беллашувларни бошлайди. Маросимда ўйинларга қуръа ташланди.
Шундан сўнг бадиий композициялар, мусиқий чиқишлар ва рақамли визуал ечимларни ўзида акс эттирган видеороликлар намойиш этилди. Уларда шахматнинг тарихий илдизлари, босқичма-босқич ривожланиши ва, энг муҳими, унинг инсон руҳини юксалтирувчи қудрати ўз аксини топди.
Таъкидлаш лозимки, Самарқанд мезбонлик қилаётган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, III шахмат паралимпиадаси ҳамда FIDE конгресси каби тадбирларнинг бир вақтда ўтказилиши шахмат оламида муҳим воқеадир. Бу тадбирларда дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган нуфузли вакиллар, таниқли ва истеъдодли шахматчилар, мураббийлар ҳамда шахмат ихлосмандлари иштирок этмоқда.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари