Эркин сўз айтмоқ фурсати
Исталган давр нафасини туйиш мумкин бўлган ягона олам бу адабиётдир. Зеро, Абдулла Қаҳҳор: “адабиёт – атомдан кучли” деб бежиз айтмаган.
Аммо ҳақиқий адабиёт кенгликни, эркинликни талаб қилади. Сабаби чин сўзнинг парвози чегара билмас юксакликлар қадардир. Бироқ ҳар доим ҳам эркин сўз айтиш иложсиз саналган. Бу албатта, адолат тулпори жиловланган, ҳокимият бошқарувида шахсий манфаат авжига чиққан кезларда кузатилган. Бунда ижод, адабиёт аҳлининг ҳар бир қораламасидан ҳам қандайдир ғоявий хато топиб, уларни ноҳақ азоблашган, ҳатто қатл қилишган. Келинг, узоққа бормай ўзимизнинг яқин тарихимизга бир нигоҳ ташлайлик. Жадид боболаримизнинг аянчли қисмати бунга ёрқин мисолдир. Улар мустамлакачиларга қарши энг кучли қурол – сўз билан ҳужум қилди. Ҳақиқат кўзгусига боқишга, унда ўзларининг чиркин мақсадли аксини кўришга тоқатлари етмаган собиқ шўро ҳукумати энг заифона йўл тутди. Жадидларимизни жисман йўқ қилди. Бу билан улар асло ғалаба қилмади, аксинча, нақадар ожизликларини ифода қилди. Зеро, боболаримизнинг ижодий мероси, ундаги маънавий-маърифий ғоялар миллатимиз қудратига янада қудрат бўлиб қўшилганди.
Ойнинг ўн беши ёруғ деганларидек, она Ватанимизга мустақиллик қуёши кулиб боққач, адабиёт майдони ҳам жиловдан бўшаган эркин сўз тулпорларига тўлди. Юрагида чин сўз юкини кўтариб яшаётган сўзгарларимиз ҳам кўксини эзиб турган юкдан халос бўлди. Совуқ давр нафасидан қалби музлаган Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби забардаст шоирларимиз, Одил Ёқубов, Тоғай Мурод каби истеъдодли ёзувчиларимиз елкаси ҳақиқий қуёш кўриб, ижоднинг юксак чўққиларига завқ-у шавқ билан парвоз қилдилар.
Айниқса, сўнгги ўн йилликда инсон Қадри тамойилига таяниб юритилаётган сиёсат натижасида сўз қиймати ҳам янада ортди. Эркин сўз, эркин фикр кўлами бир неча баробар юксалди. Адабиёт ва жамият кўприги танқидни кўтарадиган даражада мустаҳкамланди. Натижада адабиётимизда янгича нафас, ошкоралик уфуриб турувчи асарлар пайдо бўла бошлади. Қолаверса, китобхонлик маданияти ҳам поғонама-поғона кўтарилишда давом этмоқда. Шу даврда яратилган ёзувчи Жавлон Жовлиевнинг “қўрқма” романи бутун туркий дунёнинг севимли асарига айланди. Уни ўқир экансиз, эркин ижод маҳсулини ҳақиқий маънода ҳис қиласиз. Айниқса, ҳозирги ёки ўтган даврдаги кемтик нуқталар аёвсиз танқид остига олингани китобхонни завқлантириш билан бирга ҳайратлантиради ҳам. Негаки, эркин сўз яқин йилларгача сандиқда яширилган қуролдай ижодкорлар кўнглида яшаб келди. Энди эса майдон эркин сўз айтувчиларники.
Хулоса қилиб айтганда, навқирон ўттиз беш йилни қарши олаётган истиқлолимиз асрларга татигулик маънавий озуқа захирасига эга бўлиб бормоқда. Бу эса давлатимиз раҳбари илгари сураётган Учинчи Ренессанс даврининг энг асосий белгиларидан биридир. Фақатгина ҳар нарсанинг чегараси бўлганидек, сўз ва унинг чегарасини ҳам етарлича ҳис этмоқ муҳим. Шундагина адабиётимизда савияли асарлар янада ортади.
Шербек Исломов, ЎзА