Ер ва сув ресурсларини барқарор бошқаришда Иордания тажрибалари ўрганилди
Иордания Ҳошимийлар Қироллигида Қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари халқаро маркази (ICARDA) томонидан “Экотизим хизматларини баҳолаш, ёмғир сувларини йиғиш ва ерларни қайта тиклаш мониторинги” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигида “Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимлари, ердан фойдаланиш ва ерларни тиклаш бўйича таъсир дастури” доирасида ташкил этилган семинарда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бўлим бошлиғи, биология фанлари доктори Ўлмасбой Собитов ва Марказ тизимидаги илмий муассасаларда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ олимлар ҳам иштирок этди.

Ўқув дастури давомида иштирокчилар экотизим хизматларини баҳолаш, ёмғир сувларини йиғиш ва улардан самарали фойдаланиш, деградацияга учраган ерларни қайта тиклаш, табиий ресурслар мониторингини ташкил этиш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида қурғоқчил ҳудудларда барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича (ICARDA)нинг илғор тажрибалари билан танишди.

Қайд этилганидек, мазкур халқаро семинар давомида олинган билим ва амалий тажрибалар Ўзбекистонда ер ва сув ресурсларини барқарор бошқариш, ер деградациясининг олдини олиш ҳамда иқлим ўзгаришига мос инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА