Ер қонунчилиги бузилишига оид 332 та ҳолат аниқланди
Кадастр агентлиги Гулистон тумани бўлими томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун бўлим фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда жорий йилнинг 11 ойи давомида туман ҳудудида ер қонунчилигига риоя этилиши ҳолати, аниқланган қонунбузарликлар ва улар юзасидан кўрилган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Маълум қилинишича, “E-Yer nazorat” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали 332 та ер қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича 332 нафар шахсга нисбатан маъмурий ишлар расмийлаштирилган бўлиб, шундан 324 нафари жисмоний, 8 нафари юридик шахслар ҳисобланади.

Аниқланган маъмурий ишларнинг 35 таси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 68-моддаси 1-қисми, 217 таси 60-модданинг 2-қисми, 57 таси 60-модданинг 3-қисми ҳамда 23 таси 68¹-моддаси асосида расмийлаштирилган. Жорий йилнинг 30 ноябрь ҳолатига кўра, 11 та маъмурий иш кўриб чиқиш жараёнида қолмоқда.
Шу кунга қадар 138 та маъмурий жазо қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, жами 1 миллиард 567 миллион сўм миқдорида жарима белгиланган. Айни пайтга қадар 104 нафар ҳуқуқбузар томонидан 336 миллион 300 минг сўм миқдоридаги жарима ундирилган.

Шунингдек, МЖтКнинг 32¹-моддасига мувофиқ, жарима солиш тўғрисидаги қарор топширилган кундан бошлаб 15 кун ичида жарима миқдорининг 50 фоизини ихтиёрий равишда тўлаган 62 нафар ҳуқуқбузар томонидан жами 157 миллион 100 минг сўм тўланган бўлиб, қолган шу миқдордаги жаримадан озод этилган.

Айни вақтда Гулистон туман Мажбурий ижро бюросига жами 16 та маъмурий иш бўйича 561 миллион 300 минг сўмлик жарималарни ундириш юзасидан ҳужжатлар юборилган. Бундан ташқари, бўлим томонидан ундирилиши лозим бўлган 32 та маъмурий иш бўйича 512 миллион 900 минг сўмлик жарималар мавжуд бўлиб, мазкур масала юзасидан ҳуқуқбузарлар билан мунтазам равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда ҳамда муддати ўтган жарималарга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилмоқда.
Матбуот анжумани якунида ОАВ вакиллари билан савол-жавоблар ўтказилиб, Кадастр агентлиги Гулистон тумани бўлими томонидан ер қонунчилиги бузилишларининг олдини олиш, ноқонуний қурилишларни бартараф этиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири