Электротехника ва унга боғлиқ янги саноат йўналишларида 164 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган
Кейинги уч йилда электротехника ва унга боғлиқ янги саноат йўналишларида умумий қиймати 11 миллиард 600 миллион долларлик 164 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.
Тармоқ олтита асосий йўналишда ривожлантирилади. Жумладан, кабель саноатида 2,5 миллиард долларлик 41 та, трансформаторлар ва насослар ишлаб чиқаришда 1,4 миллиард долларлик 29 та, саноат робототехникаси ва ускунасозликда 3 миллиард долларлик 45 та лойиҳа бажарилади.
Шунингдек, транспорт ва электромобиллар учун электротехника маҳсулотлари бўйича 650 миллион долларлик 9 та, электрон компонентлар ва микроэлектроника бўйича 3,5 миллиард долларлик 21 та, маиший техника соҳасида 600 миллион долларлик 19 та лойиҳа назарда тутилган.
Ҳар бир йўналишга масъул раҳбарлар ва асосий буюртмачилар бириктирилади. Уларга таянч инвесторларни жалб қилиш, илмий марказлар ва техника олийгоҳлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш топширилди.
ЎзА