Электротехника саноати: бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш ривожлантирилади
Жорий йилнинг 12 сентябридаги “Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан бир қатор муҳим вазифалар белгиланди.
Қарорга кўра, 2026–2028 йилларда электротехника саноатида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ томонидан Кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан, кредит миқдоридан қатъи назар, унинг 20 млрд. сўм эквивалентидан ошмаган қисми бўйича барқарорлик рейтинги ва ҳудуд тоифасидан қатъи назар, барча тоифадаги тадбиркорлик субъектларига 3 йил муддатга қуйидаги миқдорларда компенсация тақдим этилади:
– фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг икки бараваридан ортиқ бўлмаган миллий валютадаги кредитларнинг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори қисми, бироқ 10 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;
– хорижий валютадаги кредитлар фоиз ставкасининг 6 фоиздан юқори қисми, бироқ 5 фоиз пунктдан ошмаган миқдорда;
– компенсация “2+1” тамойили асосида дастлабки икки йилга тақдим этилади, маҳсулот (хизмат)ларни реализация қилишдан тушган йиллик тушум аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 15 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда ошган тақдирда, компенсация учинчи йилда ҳам тўлаб берилади.
Электротехника, электроника ва робототехника соҳаларида сўнгги 3 йилда “Forbes Global 2000” халқаро рейтинги ва халқаро етказиб бериш занжирларига кирган ҳамда киритадиган инвестиция ҳажми камида 50 млн. АҚШ доллари бўлган таянч инвесторларни (Anchor Investor) жалб этиш мақсадида:
– инвестиция шартномасида қўшилган қийматни 3 йилда 40 фоиздан ошириш ҳамда йиллик фойданинг камида 3 фоизини илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига йўналтириш мажбурияти назарда тутилади;
– республикада халқаро тажрибага мувофиқ ташкил этилган махсус иқтисодий зоналардан бинолар “тайёр ҳолда топшириш” модели бўйича (электр тармоғи, газ, сув, тозалаш иншоотлари, темир йўл коммуникациялари билан таъминланган ҳолда) ажратилади;
– инвесторларга ер солиғи, мол-мулк солиғи, фойда солиғини тўлашдан 10 йил муддатга озод этиш тарзидаги имтиёзлар тақдим этилади.
ЎзА