Сув омборлари бўйида туризм: инвестиция, инфратузилма ва хавфсизлик
Сув омборлари атрофида туризм ва сервис инфратузилмасини ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжуд. Бироқ, бундай ҳудудлардан самарали фойдаланиш ер участкаларини режали ўзлаштириш, инвестицияларни жалб қилиш, табиатни муҳофаза этиш ва ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлашни талаб қилади.
Президентимизнинг 2026 йил 27 октябрдаги "Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ушбу вазифаларни комплекс ҳал этиш механизмлари белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари икки ой муддатда туристик салоҳиятга эга сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлар бўйича бош режаларга доир таклифларни Туризм қўмитасига киритади. Бунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ерлардан фойдаланиш, ҳудуднинг географик ва муҳандислик-геологик хусусиятлари, транспорт-коммуникация имкониятлари, экологик ва хавфсизлик талаблари ҳисобга олинади.
Ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали сотилади. Ҳудудларнинг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва йўл-транспорт инфратузилмасини қуриш ёки реконструкция қилиш аукциондан тушган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Бу жараёнда ҳокимликлар Давлат активларини бошқариш агентлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва "Ўзбекгидроэнерго" АЖ билан ҳамкорлик қилади. Ҳукумат бир ой ичида сув омборлари бўйида туристик хизматлар кўрсатиш тартибини тасдиқлайди, масъул вазирлик ва идоралар эса уч ойда тегишли шаҳарсозлик нормаларини хавфсизлик талаблари асосида янгилайди.
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қарор асосида электрон онлайн-аукцион орқали ер олган ва сув омборлари яқинида туристик хизмат кўрсатаётган тадбиркорларга 2029 йил 1 октябрга қадар ер ва мол-мулк солиғи ставкаларининг 50 фоизи қўлланади. Сувда фойдаланишга мўлжалланган GPS ускуналари, қутқарув ва хавфсизлик жиҳозлари ҳамда замонавий санитария-гигиена иншоотларини импорт қилишда божхона тўловларини 120 кунгача кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Ушбу имтиёзлар фақат қарор доирасида электрон онлайн-аукцион орқали ер олган тадбиркорларга татбиқ этилади.
Туризмни ривожлантириш билан бирга, сув омборларида хавфсизлик тизимини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ҳудудларда қутқарув қайиқлари, кузатув миноралари, чуқурлик белгилари, об-ҳаводан огоҳлантириш воситалари ва видеокузатув тизимлари ташкил этилади. Сунъий интеллект ёрдамида чўкиш хавфи, тақиқланган ҳудудларга кириш ва одамларнинг оммавий тўпланиши аниқланиб, қутқарув хизматларига тезкор хабар юборилади. Қутқарувчиларнинг навбатчилиги йўлга қўйилади ёки бу вазифа профессионал хизматларга шартнома асосида юклатилади.
Шунингдек, сувда кичик кемалардан хавфсиз фойдаланиш, сувни муҳофаза қилиш ва қирғоқбўйи зоналари талабларига риоя этиш, оқова сувларнинг сув ҳавзаларига тушишининг олдини олиш ва маиший чиқиндиларни тўғри бошқариш чоралари белгиланган. Туристик объектларда сел, сув тошқини, тўғон аварияси, кўчки ва ёнғин каби хавфлар бўйича уч ой ичида таҳлил ўтказилиб, хавфсизлик паспортлари ишлаб чиқилади. Сиреналар, овозли огоҳлантириш воситалари, QR-кодли эвакуация хариталари ва SMS-хабарномалар босқичма-босқич жорий этилади.
2027 йил 1 июнга қадар сув сатҳи ва гидрологик ҳолатни онлайн кузатиш, фавқулодда вазиятларни эрта аниқлаш, метеорология станциялари ҳамда геоахборот тизимлари маълумотларини бирлаштиришга хизмат қилувчи электрон ахборот тизими ишга туширилади. Сув сифати мониторинги ҳам кучайтирилиб, тегишли маълумотлар автоматлаштирилган электрон тизимга киритилади.
Қарорда қутқарув хизматларининг салоҳиятини ошириш чоралари ҳам назарда тутилган. Фарғона вилояти Қува туманидаги Каркидон сув омборида қутқарув маркази ташкил этилган. 2027 йил 1 январдан бу ерда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг махсус қутқарув бўлинмаси учун давлат бюджети ҳисобидан 36 та қўшимча штат бирлиги - 6 нафар офицер ва 30 нафар оддий аскар ҳамда сержант лавозими жорий этилади. Академия ҳузуридаги Қутқарув ишлари бўйича техник мактабда ғаввос-қутқарувчилар дуал таълим асосида тайёрланади. Туристик объектлар ходимлари ва кўнгиллилар фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ҳамда биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича ўқитилади.
Туристик ҳудудларни маҳаллий ва хорижий ахборот воситалари ҳамда рақамли платформаларда тарғиб қилиш, хорижий туроператорлар ва инвесторлар учун тақдимотлар ташкил этиш орқали инвестиция имкониятларини кенгайтириш ҳам режалаштирилган. Бош режаларни ишлаб чиқиш, хавфсизлик инфратузилмасини яратиш ва мониторинг тизимларини такомиллаштириш бўйича вазифалар махсус йўл харитаси асосида амалга оширилади.
Қарорнинг аҳамияти туризмни ривожлантириш учун ер ва солиқ имтиёзларини бериш билангина чекланмайди. У янги объектларни зарур инфратузилма, экологик талаблар ва хавфсизлик чоралари билан биргаликда ташкил этишни назарда тутади. Шу боис натижадорлик туристик хизматлар кўлами билан бирга, сув ҳавзаларининг муҳофазаси, хавфларнинг олдини олиш ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш даражаси билан ҳам белгиланади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА