Электрон ўғирликлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Киберхавфсизликни таъминлаш ва рақамли муҳитдаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Лойиҳада Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартишлар киритиш, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш, электрон тўлов воситалари билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чораларини қатъийлаштириш назарда тутилган.

— Ўрганишлардан маълум бўлдики, банк карталари билан боғлиқ жиноятларнинг 95 фоизидан ортиғи бегона шахслар номидаги банк карталари ёки электрон ҳамёнлар орқали содир этилмоқда, — деди депутат Зуҳра Мирғозиева. — Бу жиноятни фош этишни янада қийинлаштирмоқда. Асосий жавобгарлар айбсиз қолиб кетяпти.
Лойиҳа билан амалдаги қонунчиликка электрон тўлов воситаси ёки крипто-ҳамён ёхуд банк ҳисобварағининг бошқариш имкониятини берувчи маълумотларни қасддан бошқа шахсга бериш, тўлов операторларининг бу борадаги талабларга риоя этмаганлиги натижасида юзага келган моддий зарарни улар ҳисобидан ундириш белгиланмоқда. Яъни, фуқаронинг банк картасига киберҳужум амалга оширилса, тегишли банк хавфсизлик чораларини кўрмагани учун жавобгар бўлади.

Шунингдек, карта маълумотлари ноқонуний фаолият учун берилиб, жиноятга сабаб бўлган тақдирда жавобгарлик белгиланади.
Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, қонун лойиҳаси жавобгарликни кучайтириш билан бирга, профилактик механизмларни ҳам назарда тутмоқда. Бу ҳам фуқароларнинг, ҳам ташкилотларнинг масъулиятини оширишга хизмат қилади. Кибержиноятларга қарши курашишда институционал инфратузилмани шакллантириш асосий вазифалардан бири экани таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА