Электр тармоқлари янгиланиб, таъминот мустаҳкамланмоқда
Гулистон туманида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида электр тармоқларини модернизация қилиш, мавжуд инфратузилмани мустаҳкамлаш ҳамда таъмирлаш ишлари изчил олиб борилмоқда. Жумладан, 110 километр электр тармоғи ва 37 та трансформатор пункти мукаммал, 190 километр электр тармоғи ҳамда 81 та трансформатор пункти жорий таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган қизил тоифадаги 88 та ва сариқ тоифадаги 102 та трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди.
Бу ҳақда Гулистон тумани электр тармоқлари корхонаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун ташкил этилган пресс-тур давомида маълумот берилди. Тадбирда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, электр тармоқларини модернизация қилиш, трансформатор пунктларини таъмирлаш ва электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, 2026 йил давомида туманда электр таъминоти тизимини такомиллаштириш, тармоқларнинг ўтказувчанлик имкониятини ошириш ва истеъмолчиларга электр энергиясини ишончли етказиб бериш мақсадида қатор қурилиш ҳамда модернизация ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 2,9 километр СИП-2 русумли ва 1 километр СИП-4 русумли кабель тармоғи тортилди. Шунингдек, электр тармоқларининг мустаҳкамлиги ва ишончлилигини ошириш мақсадида 411 дона темир-бетон таянч устун ўрнатилди.
Мазкур янгиланишлар электр тармоқларининг техник имкониятларини кенгайтириш, мавжуд инфратузилманинг барқарор ишлашини таъминлаш ва истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилашга қаратилган.

— Айни пайтда корхона балансида 318 та трансформатор пункти мавжуд. Уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш ҳамда фавқулодда вазиятларда электр таъминотини қисқа муддатларда тиклаш мақсадида 7 дона трансформатор захираси шакллантирилган, — деди туман электр таъминоти бошлиғи Фарҳод Исоқов.
Куз-қиш мавсумида электр таъминотида узилишлар юзага келишининг олдини олишда зарур эҳтиёт қисмлари ва моддий-техник воситалар захирасини шакллантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда корхона омборида авария ҳолатларини бартараф этиш учун зарур материаллар жамланган. Жумладан, 300 литр трансформатор мойи, 100 метр 0,4 кВ кучланишли кабель, турли русумдаги электр симлари, ажраткичлар, изоляторлар, автоматлар, муфталар ва бошқа эҳтиёт қисмлари захираси мавжуд.

Ушбу захиралар электр тармоқларида носозликлар юзага келган тақдирда таъмирлаш ишларини тезкор ташкил этиш, электр таъминотини тиклаш муддатларини қисқартириш ва истеъмолчиларга етказиладиган ноқулайликларни камайтириш имконини беради.

Пресс-тур давомида журналистлар электр таъминоти тизимини модернизация қилиш, тармоқлар ва трансформатор пунктларининг техник ҳолати ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари билан яқиндан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири