“Эл-юрт умиди” жамғармаси халқаро ҳамкорликни кенгайтирди
Ўтган йил давомида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўзининг халқаро миқёсдаги иштирокини изчил кенгайтириб, ҳамкорлик тармоғини мустаҳкамлади.
АҚШ, Буюк Британия, Туркия, Қатар, Япония, Хитой каби давлатларга 9 та хизмат сафари уюштирилди. Жамғарма вакиллари 6 та муҳим халқаро анжуманда иштирок этиб, уларда Ўзбекистоннинг инсон капиталини ривожлантириш соҳасидаги устувор йўналишларини тақдим этди.
15 та етакчи хорижий ва миллий илмий-таълим муассасаси билан ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди. Бу келишувлар амалий натижалар бермоқда: стипендиатлар учун таълим тўловларига 50 фоизгача чегирмалар таъминланди ҳамда давлат хизматчилари учун мақсадли стажировкаларни йўлга қўйишга келишиб олинди.
АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Хитой ва Япониянинг жаҳон рейтингларида Top-100 таликка кирувчи университетлари билан бевосита ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш алоҳида аҳамият касб этади. Бу илғор билим ва технологияларга эга бўлишнинг барқарор йўлакларини шакллантиради.
Йил давомида халқаро ҳамкорлар билан офлайн ва онлайн шаклларда 200 тага яқин учрашув ўтказилди.
Шу билан бирга, “Эл-юрт умиди” жамғармаси мамлакат ичидаги фаолиятини ҳам кучайтирди. Бу даврда 80 тадан ортиқ тадбир, очиқ мулоқот, жумладан, энг олис туманларга сафарлар ташкил этилди.
Тадбирлар билан жами 140 мингдан ортиқ киши қамраб олинди. Булар мактаб ўқувчилари, талабалар, касб-ҳунар таълими тизими вакиллари, давлат хизматчилари ва маҳалла аҳолиси.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА