Бадиий жиҳатдан бўш асарлар, савияси паст китоблар нега керак?
Давлатимиз раҳбарининг адабиётга, бадиий ижодга катта эътибори туфайли кейинги йилларда ижобий ўзгаришлар юз бераётганидан қувониш керак. Тошкент шаҳридаги, вилоят марказларидаги, ҳатто кўпчилик туманлардаги дўконларга кирсангиз минглаб китоблар ўз ўқувчисини, харидорини кутиб турганига кўзингиз тушади.
Аммо...
Бугунги ўқувчининг ана шу бадиий, илмий, оммабоп адабиётларни саралаб ўқиш имконияти борми? Улар бадиий жиҳатдан юксак асарларни қандай қилиб танлай олишади? Ёки савияси ниҳоятда паст китобларни ҳам сотиб олишяптими? Бундай оғриқли саволлар ҳамон жавобсиз қолмоқда. Чунки кўпчилик сотувчилар китоб ҳақида тасаввурга эга эмас.
Ёзувчилар уюшмасининг “Дўрмон” ижод уйидаги кутубхонанинг китоб фонди анча бой. Газета ва журналларнинг тахламлари ҳам бор. Маънавият масканига республикамизнинг турли вилоятларидан, ҳатто қўшни давлатлардан келган ижодкорлар ҳам асарларини совға қилишади.
Лекин, минглаб китоблардан қай бирини танлаб ўқиш керак? Чет эл адабиёти намуналари ҳам етарли. Шу билан бирга ўзбек шоир, ёзувчи, публицист, драматург, адабиётшуносларининг 2025 йилда нашр этилган китобларидан қайси бирини ўқишни маъқул кўрасиз?
Табиийки, кўпчилик бадиий асар мухлислари, айниқса ёшлар олдида ана шундай жавобсиз саволлар ҳамиша кўндаланг бўлиб туради.
Лекин, қатор қилиб, териб қўйилган асарлардан айримлари бадиий жиҳатдан ночор бўлса-чи? Уларни яхши билмасдан, тасодифан ўқиган китобхоннинг бадиий диди ва савияси баттар тушиб кетмайдими?
Ёш ижодкор Латофат Амированинг “Туркона” шеърлар тўпламини варақлай бошладим. Ва беихтиёр қуйидаги сатрларга кўзим тушди.
Улғайтиргум улус, элатни-
То аёлман, иймонмен-Ватан.
Оналари уйғоқ миллатни
Мағлуб этиб бўлмайди, зотан!
Ҳар бир бадиий асарни мутолаа қилганда юрагингиз ларзага тушиши, дилингизни, қайноқ, соҳир туйғулар эгаллаши, забт этиши зарур эмасми?
Ёки “Оналари уйғоқ миллатни мағлуб этиб бўлмайди, зотан!” сингари сатрларни тизиш учун шоир бўлиш шартмикин? Бундай киши руҳиятига таъсир этмайдиган, эҳтиросдан ва илҳом мевасидан анча холи мисраларни шеърга айлантириш билан бадиий асар яратилиб қолмайди. Сўзлар ёниб туриши, олов каби қалбингизга ҳарорат олиб кириши зарур эмасми?
Қўрқиб кетдим укамга қараб,
У ҳам дардин тўкар қоғозга.
Опа, мана, шеър ёздим, қаранг,
Кўрсатайми дейди устозга.
Юқоридаги сатрлар шоира Нозима Турдиеванинг “Хўрозқанд” шеърий китобидаги “Укам шеър ёзган кун” асаридан олинди.
Шоирлар - Нурулла Остон, Дилшод Ражаб, Ориф Тўхташнинг болаларга бағишланган асарларини ўқисангиз, дилингиз равшан тортади, беихтиёр ўйга толасиз. Бироқ, сиз юқорида мутолаа қилган сатрлар ўқувчиларни ҳаяжонга солмайди, ҳатто символлардан ҳам етарли фойдаланилмаган, дилингизга чўғ ташламайди, бадиийликдан анча йироқ бўлиб қолган..
Тажрибали ижодкорлардан яна бири Рўзиқул Абдувалининг “Халқ ҳикматли бирикмалари” китобидан муаллифнинг шеърлари ҳам жой олган. Тўпламга сўзбоши ёзган профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Аслиддин Қамарзода “бир қатор шеърий тўпламлари ва насрий ҳикоялари билан ўқувчиларга танилган асли шифокор Рўзиқул Абдували тиниб-тинчимайдиган ижодкор” дея шоир асарларини эътироф этган.
Аммо Рўзиқул Абдувалининг кўпчилик шеърлари асосан ҳаваскорлик даражасида қолиб кетган бўлса-да, муаллиф хом-хатала машқларини зукко китобхонларга бадиий асар сифатида тақдим этгани ажабланарли.
Жайхун дарё, азим дарё,
Эҳтиёжда муҳим дарё.
Сиртинг сокин, тубинг ботин,
Саррез-Орол тизим дарё.
Ҳар бир томчинг зар ўндирар,
Деҳқон маррани дўндирар,
Боғбон бозорни тўлдирар.
Қуш сўйса ҳам қассоб сўйсин, деганларидек қайноқ илҳом ва талант нури билан йўғрилган асарларнигина ҳозирги талабчан ўқувчиларга тақдим этиш зарур эмасмикин? Акс ҳолда юқоридаги каби “шеърлар” бугунги ўқувчи дидини ўтмаслаштириши табиий, деб ўйлайман.
Шоир Фозил Фарҳоднинг “Автопортрет” китобидан ўрин олган шеърларнинг кўпчилиги бадиийлик талабларига жавоб бермайди. Чунки ўқувчини ҳаяжонга солмайдиган, китобхонга эстетик ёки бадиий завқ бермайдиган, бадиий жиҳатдан ночор асарни шеър деб аташ тўғри эмас.
Қорангизни кўролмасам, келайин мен кимга бас?
Паналарда тошлар отманг, фитналарингиз етар!
Парижгамас, Нью- Йорккамас, Лондонгамас, Римгамас,
Кунлар келар, барча йўллар Ўзбекистонга элтар!
Қулоғингиз яқин тутинг, сизгинага айтай сир,
Мен халқимнинг боласиман, Ватанимнинг улиман!
Не десангиз деяверинг, энди менга барибир,
Ҳа, мен Ватан маддоҳиман, Ўзбекистон қулиман!
Муаллиф юқорида ҳатто ўзининг маддоҳлигини ҳам тан олаётир ўз шеърида. Қайноқ туйғулар, символлар, оригинал ташбеҳлардан йироқ бу каби муздек совуқ сатрлар ўқувчиларда қандай таассурот қолдиради?
Энди айрим таклифларимни билдириб ўтмоқчиман.
Менимча, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг шеърият кенгаши бундай бадиий жиҳатдан ночор асарларнинг олдини тўсиши, тўпламларни муҳокама қилиб, савияси паст асарларнинг нашр этилишига, ҳатто вилоятларда ҳам кўпайишига йўл қўймаслиги лозим.
Иккинчидан, нашриётларнинг муҳаррирлари миллионлаб сўм маблағ ҳисобига чоп этилаётган китоблардан бадиий бўш шеърлар ва насрий асарлар жой олмаслиги учун доим ҳаракат қилишлари керак. Ҳатто баъзи китоблар хусусий нашриётларнинг бош муҳаррирлари томонидан етарли даражада таҳрир қилинмагани юқоридаги сингари салбий иллатлар кўпайишига сабаб бўлаётир. Демак, нашр этиладиган минглаб китобларга муҳаррирлик вазифасига таҳрир санъатини яхши эгаллаган талантли шоир ҳамда ёзувчилар, таниқли адабиётшунослар жалб этилиши зарур.
Учинчидан, пойтахтимизда давлат нашриётларининг сонини янада кўпайтириш лозим. Шундагина сони анча кўпайиб бораётган хусусий нашриётлар хом-хатала асарларни чоп этишни камайтиришлари тайин.
Хулоса шуки, сифатсиз, бадиий жиҳатдан талабга жавоб бермайдиган китобларни кўпайтирмаслик учун юқоридаги каби иллатларга қарши кескин кураш олиб борилиши, бунга кенг жамоатчиликни ҳам жалб этиш керак. Бу борада Ёзувчилар уюшмасининг адабий танқид кенгаши ролини ва ваколатларини ҳар қачонгидан кўра ошириш зарур, деб ўйлайман. Бадиий бўш асарлар аёвсиз танқид қилиниши лозим.
Жовли Хушбоқов, ЎзА мухбири